Наманганда 11-синф ўқувчиси уни ўқитувчи калтаклаганини иддао қилмоқда, мактаб эса воқеанинг бошқа талқинини келтирди. Ҳодиса 28 январь куни 30-мактаб спорт зали яқинида содир бўлган.
Ўқувчининг талқини
Ўсмирнинг айтишича, уни учта ўқитувчи алоҳида хонага олиб кирган ва шундан сўнг улардан бири калтаклаган, қолган иккитаси эса бунга аралашмаган. Унинг таъкидлашича, калтаклангандан кейин ўзини ёмон ҳис қилган, аммо ўқитувчилар тез ёрдам чақирмаган. Ўқувчи бинодан чиқиб, маҳалла қўмитасига борган, ўқитувчилар эса уни таъқиб қилишган.
Ўқувчининг онаси эса ўғлига зўравонлик қўлланилганига норозилик билдирди:
"Нима учун ўғлимнинг интизоми учун уни калтаклашга қарор қилишди? Нега бу ҳақда менга дарҳол хабар беришмади? 11 йил давомида ҳеч ким унинг тартиби ҳақида шикоят қилмаган."
Мактабнинг жавоби
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мактаб маълумотларига асосланиб, воқеа бўйича изоҳ берди.
Уларга кўра, юқори синф ўқувчиси 7-синф ўқувчи қизнинг бўйнидан қучаётган пайтда кузатилган. Шундан сўнг уни кабинетга олиб киришган ва у ерда ўқувчи ўзини тажовузкорона тутган.
Калтаклашда айбланган жисмоний тарбия ўқитувчиси ўсмирга зарар етказмаганини ва унинг жароҳатларидан ҳайратда қолганини айтган. Маълумотларга кўра, ўқувчи ўқитувчига куч ишлатмоқчи бўлганида эшикка юзтубан урилган.
Шунингдек, ўқувчи "тарбияси қийин бола" сифатида ички назоратда турар эди. У дарсларни ўтказиб юборгани учун ота-онаси чорак давомида 27 та прогул учун жаримага тортилган. Шунингдек, у ўтган йил март ойида мактаб ҳудудида муштлашган ва ота-онаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси бўйича жаримага тортилган.
Ҳозирда можаро ваколатли органлар томонидан ўрганилмоқда. ММТВ воқеа юзасидан барча ҳолатларни кўриб чиқишини маълум қилди. Болалар омбудсмани эса ҳозирча изоҳ бермади.