Швейцария ҳукумати Гулнора Каримова билан боғлиқ жиноят иши доирасида мусодара қилинган 182 миллион долларни Ўзбекистонга қайтаришга қарор қилди. Маблағлар республика аҳолиси манфаатлари учун ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларга йўналтирилади.
Адлия вазирлиги маълумотига кўра, Тошкентда Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Константин Оболенский ушбу маблағларни тақсимлашга оид битимни имзолашди.
Ушбу маблағлар 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида мусодара қилинган. Улар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Uzbekistan Vision 2030 кўп томонлама траст жамғармаси орқали Ўзбекистонга ўтказилади. Барча лойиҳалар ҳақидаги маълумотлар ушбу жамғарманинг расмий веб-сайтида очиқ эълон қилинади.
Қайтарилган маблағлар соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ижтимоий дастурларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Аввалги қайтаришлар:
– 2022 йил август ойида имзоланган келишувга кўра, Ўзбекистон 131 миллион доллар қайтариб олган.
– Жами қайтарилган маблағ миқдори 313 миллион долларга етди.
– Траст жамғармаси томонидан ажратилган дастлабки 43,5 миллион доллар оналар ва чақалоқлар ўлимини камайтиришга йўналтирилган.
Шунингдек, 2023 йилда Швейцария банкларидан бири Гулнора Каримованинг жиноий фаолиятини яширишга ёрдам беришда айбланган эди.