Ўзбекистон махсус хизматлари наркотрафикка қарши кураш доирасида яна бир йирик ҳодисани фош этди. Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Чегара қўшинлари ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорликда Сурхондарё вилоятида ноёб усулда яширилган 612 кг гашишни қўлга олди.
Супургига яширилган "заҳри қотил"
2025 йил 9 февраль куни Афғонистондан Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ўтиш учун келган юк автотранспорти “Термиз автойўллари” халқаро ўтказиш пунктида текширувдан ўтказилди. Юк ортидаги 13,5 тонна супурги инспекторларнинг шубҳасини уйғотди ва юк чуқурлаштирилган кўрикка юборилди.
Текширув давомида супурги жўхориси ўсимлигидан тайёрланган 22 500 дона хўжалик супургиларининг 2 986 тасида махфий яширинмалар борлиги аниқланди. Супурги дастаклари орасига сариқ скотч билан ўралган 25 см узунликдаги полиэтилен ўрамлар жойлаштирилган бўлиб, уларнинг ичида ўткир ҳидли, тўқ жигарранг гиёҳванд моддалар борлиги маълум бўлди.
Экспресс-таҳлил натижаларига кўра, ушбу моддалар гашиш эканлиги тасдиқланди. Жами 2 984 супурги дастагидан олинган гиёҳванд моддаларнинг умумий оғирлиги 612 кг ни ташкил қилди.
Наркотрафикга қарши кураш давом этмоқда
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Махсус хизматлар наркотрафик йўлларини аниқлаш ва бундай жиноятларнинг олдини олиш борасида ўз ишларини давом эттирмоқда.
Бу воқеа гиёҳванд моддаларни ноодатий усулларда яширишга бўлган уринишлар тобора мураккаб тус олаётганини кўрсатмоқда. Аммо ҳуқуқ-тартибот органлари бу каби хатти-ҳаракатларга қарши тизимли чора-тадбирларни қўллаб, хавфсизликни таъминлашда давом этяпти.