Олмаота халқаро аэропортидаги қийин об-ҳаво шароити туфайли 17-18 февраль кунлари икки авиарейс мажбурий равишда Тошкентга қўнишга мажбур бўлди.
Uzbekistan Airports’нинг маълумотига кўра, 17 февраль куни Ханчжоу — Олмаота йўналиши бўйича Loong Air авиакомпаниясининг GJ8217 рейси соат 23:05 да Тошкент халқаро аэропортига қўнган. Йўловчилар ва экипаж меҳмонхоналарга жойлаштирилиб, уларнинг Олмаотага учиши 18 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 14:00 га белгиланган.
18 февраль куни эрталаб соат 08:11 да Azimuth авиакомпаниясининг Минеральные Воды — Олмаота йўналиши бўйича AZO6141 рейси ҳам қалин туман туфайли Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилган.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал ҳам Мадина — Наманган рейси самолёти шунга ўхшаш сабабларга кўра муқобил аэродромга қўнишга мажбур бўлганди.
Об-ҳаво ҳеч кимни аямайди, аммо йўловчилар хавфсизлиги ҳамма нарсадан устун!