Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар ва эксперт доираларида пенсия тизимига хусусий секторни жалб этиш ғояси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, Халқаро маслаҳат кенгаши томонидан билдирилган таклифлар ортидан "пенсияларни хусусийлаштириш" ва давлат пенсия таъминотининг тақдири ҳақида турли тахминлар пайдо бўлди.
Ушбу ҳолатга муносабатан Стратегик ислоҳотлар агентлиги (СИА) расмий баёнот билан чиқди. Агентлик таъкидлашича, гап бутун пенсия тизимини хусусий шахсларга топшириш ҳақида эмас.
“Давлат пенсия жамғармаси пенсия тўловларининг асосий кафолатчиси бўлиб қолади. Хусусий секторни жалб қилиш — ислоҳотларнинг эҳтимолий йўналишларидан бири, холос. Бу давлатнинг пенсия таъминотидаги иштирокини истисно қилмайди,” — дейилади СИА баёнотида.
Нима муҳокама қилинмоқда?
Агентликнинг маълум қилишича, ҳозирча бу масала фақат хорижий экспертлар томонидан таклиф сифатида илгари сурилган ва уни амалга ошириш ҳақида ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган. Ҳозирги босқичда таклифлар фақат ўрганиш ва таҳлил қилиш жараёнида. Бу ишга нафақат СИА, балки соҳадаги бошқа ихтисослашган ташкилотлар ҳам жалб қилинган.
Ўзгаришлар қандай тамойилларга асосланади?
Расмийлар таъкидлашича, пенсия тизимидаги ҳар қандай ислоҳотлар:
халқаро тажриба таҳлили,
фуқаролар фикрини инобатга олиш,
аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш каби устувор мезонларга асосланган ҳолда амалга оширилади.
Яқин келажакда нима кутилмоқда?
СИА ва тегишли идоралар пенсия тизимини такомиллаштириш бўйича ишчи режалар устида иш олиб бормоқда. Яқин кунларда эҳтимолий ислоҳотлар юзасидан аниқ таклиф ва сценарийлар жамоатчиликка тақдим этилиши кутилмоқда.