Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, болалар учун мўлжалланган миллий контентлар яратиш ва уларни оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ имтиёзлари жорий этилди.
Қарорга кўра, болаларда соғлом турмуш тарзи кўникмалари, табиатга эҳтиром, миллий қадриятларга ҳурмат ва она Ватанга садоқат туйғусини шакллантиришга хизмат қилувчи контентлар яратиш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Шунингдек, болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш, ота-оналар ва болаларни интернетдаги ахборотларни тўғри баҳолаш ҳамда хавфли контентларни аниқлашга қодир механизмларни жорий этиш назарда тутилган.
2025 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январгача бўлган даврда:
Даромадининг камида 80 фоизи болалар учун контент яратишдан иборат бўлган юридик шахслар фойда солиғидан озод қилинади;
Ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўлайди;
Болалар контенти билан боғлиқ харажатлар фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланади.
Шу билан бирга, болалар учун контент яратиш соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳар йили жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасаларида таълим олиш учун 5 та махсус квота ажратади.