Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда давлат шифохоналарида пуллик тиббий хизматлар нархи беш баробарга ошиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур миш-мишларга расмий муносабат билдириб, бу даъволар асоссиз эканини маълум қилди.
Вазирлик хабарига кўра, янги қабул қилинган норматив ҳужжатда пуллик тиббий хизматларга устама нархлар таннархнинг 20 фоизидан ошмаслиги қатъий белгиланган. Яъни, агар муайян тиббий хизмат муассаса учун 100 минг сўмга тушаётган бўлса, унинг аҳолига пуллик асосдаги нархи 120 минг сўмдан ошиши мумкин эмас.
Аввалги қарордаги баёнотлар турлича талқин қилиниши мумкин бўлгани боис, янги ҳужжатда аниқ ва бир хил тушунишни таъминловчи ифода қабул қилинди. Ҳаттоки, янги тартибга кўра айрим хизматларда нархлар камида 5 фоизга пасайиши мумкинлиги қайд этилган.
Шунингдек, давлат тиббиёт муассасаларида даволаниш ва парваришлаш, поликлиникадан йўлланма билан келган беморлар учун бепул бўлиб қолмоқда. Йўлланмасиз мурожаат қилинганда эса, тиббий хизмат шартнома асосида — пуллик тарзда кўрсатилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги оммавий ахборот воситалари ҳамда блогерлардан меъёрий ҳужжатларни талқин қилишда масъулият билан ёндашишларини ва расмий манбалардан аниқ маълумот олишларини сўрамоқда.