2025 йил 7 июндан бошлаб Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни фош этишга қаратилган янги тартиб жорий этилди.
Эндиликда фуқаролар томонидан сувдан самарасиз ёки қонунбузарлик ҳолатида фойдаланиш (масалан, ичимлик суви билан автомашиналар ювиш) ҳолатлари видеога олиниб, Сув хўжалиги хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясига тақдим этилса, ундирилган жарима суммасининг 25%и мукофот сифатида берилади.
Видеоматериал қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:
Ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқ акс эттирилган бўлиши;
Илoжи борича қоидабузар шахс (масалан, авто рақами ёки корхона номи) тўғрисида маълумот;
Туширилган сана, вақт ва жой кўрсатилган бўлиши;
Видеороликнинг давомийлиги 2 дақиқадан ошмаслиги лозим.
Қандай тартибда мурожаат йўлланади?
Видео ва фотоматериаллар v-nadzor.gov.uz сайти орқали юборилади.
Мурожаат ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтдан 48 соат ичида тақдим этилиши лозим.
Инспекция томонидан ҳуқуқбузарлик тасдиқланса:
Биринчи марта огоҳлантириш берилади;
Қоидабузарлик такрорланса — жарима қўлланилади;
Жарима ундирилгандан сўнг 15 кун ичида мукофот пули фуқарога тўлаб берилади.
Сиз ҳам сув ресурсларини авайлашга ҳисса қўшинг — назоратда фаол иштирок этинг ва қонунбузарликларга бефарқ бўлманг!