Глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сони ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши сувга бўлган талабни тобора оширмоқда. Натижада сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб боряпти. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳам ҳар қачонгидан долзарб бўлиб, бу борада муайян чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этиляпти. Ушбу йўналишда қабул қилинган дастурлар, киритилган инвестициялар натижасида тоза ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мисол учун, 2018 йилда "Ўзсувтаъминот" АЖ тизимидаги корхоналар томонидан 1 553 mln.kub.metr ёки ўртача кунига 4 254 минг куб. метр ичимлик суви ишлаб чиқилган бўлса, 2022 йилда унинг ҳажми 1 728 млн. куб. метр ёки ўртача кунига 4 734 минг куб. метрни ташкил этди.
Энди 1 миллион куб метр сувни қандай тасаввур қилиш мумкин?, деган савол туғилади. Бунинг учун сув билан тўлдирилган битта катта олимпиа стадионини кўз олдимизга келтириш кифоя. Ана шундай стадионлардан 400 та бўлса 1 миллион куб метр сув ҳосил бўлади. Юқоридаги рақамлардан эса сув ҳажмининг нақадар катта эканини кўриш мумкин.
Соҳанинг қонунчилик базаси мустаҳкамлангани, норматив ҳуқуқий асослари такомиллаштириб борилаётгани ушбу масаланинг нақадар долзарблигини кўрсатади. Жумладан, "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуннинг қабул қилингани сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишни жадаллаштириш ҳамда сувдан оқилона фойдаланишда катта аҳамият касб этмоқда. Президентимизнинг тизимга оид тегишли қарорлари билан эса ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш, сув хўжалиги соҳасига инвестиция маблағларини кенг жалб қилишдаги ишлар кўлами кенгаймоқда.
Таъкидлаш жоиз, республика иқтисодиёт тармоқлари томонидан бир йилда ўртача 56-57 млрд. куб метр миқдорида сув ресурсларидан фойдаланилади. Шундан, 87 фоизи қишлоқ хўжалигига, 9 фоизи энергетика, саноат ва балиқчиликка, атиги 4 фоизи ичимлик суви ишлаб чиқариш мақсадларига сарфланади.
Аёнки, сув таъминоти ташкилотлари ичимлик сувини аҳолининг сони, уларнинг турмуш шароитлари ҳамда техник имкониятларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқаради.
Шу нуқтаи назардан айтганда, мамлакатимиз аҳоли сони йилига ўртача 700 минг нафарга ошиб, 2030 йилда 41 млн. нафарга етиши, уларнинг сифатли сувга бўлган талаби 20 фоизга ортиши кутилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, ҳозирда аҳолига тоза ичимлик сувини узлуксиз етказиб бериш ўта муҳим вазифага айланган.
Шу билан бирга, юртимизда 97 та ер ости сув кони мавжуд бўлиб, уларнинг ресурслари 63,9 млн. куб метр суткани, яъни республика умумий сув ресурсларининг 25 фоизини ташкил қилади. Бугунги кунда ичимлик суви таъминотининг 67 фоизи ер ости сувлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда ер ости сувларига бўлган эҳтиёж кескин ошиб бораётгани сабабли Сув хўжалиги вазирлиги томонидан қўшимча ер ости сув ресурсларини аниқлаш чоралари кўриляпти. Хусусан, вазирлик томонидан ушбу ресурслар ҳисобига 3 млн. аҳолининг ичимлик суви таъминоти ва 155 минг гектар майдоннинг суғорилиши таъминланади.
Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистонда сув ресурслари уч хил мақсадга, жумладан, аҳоли учун тоза ичимлик суви ва ишлаб чиқариш корхоналари таъминотига, қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришга йўналтирилади. Қайд этиш жоиз, мазкур соҳаларнинг ҳаммаси бир-биридан муҳим ва зарур.
Хўш, улар учун етарли бўлган сув ресурслари қандай шаклланади?, деган савол туғилади. Айиш керакки, дарёларда тўпланадиган сувлар, табиий ёғингарчилик, ер ости сувлари — бизнинг сув манбаларимиздир. Демак, ўз-ўзидан асосий мақсад ана шу манбаларни тўлиқ назоратга олиш, улардан ишлаб чиқарилаётган тоза сув ҳажмларини кўпайтириш, энг муҳими, сув истеъмолида юзага келган тартибсизлик ва исрофни йўқ қилиш бўлади.
Бундан ташқари, сув манбалари Ўзбекистондаги кўплаб экотизимлар, жумладан, дарёлар, кўллар ва сув омборлари учун муҳим аҳамиятга эга. Сув ресурсларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ва уларни бошқариш биологик хилма-хилликни сақлашга, сув сифатини яхшилашга олиб келади ва экотуризмни сақлаш ва ривожлантириш имконини беради.
Умуман олганда, сувни тежаш мамлакатга иқлим ўзгаришига мослашиш ва ичимлик сувининг камайиши, ёнғин ва қурғоқчилик хавфининг ошиши каби салбий таъсирни юмшатишда муҳим омил бўлади.
Ирода Мухамедова
Жиноят ишлари бўйича
Жиззах шаҳар судининг судяьси