Фарғона вилоятида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан "Ҳизб ут-Таҳрир" ташкилотининг яширин гуруҳи фаолиятига чек қўйилди.
Қўқон шаҳрида яшовчи, ёшлари 54 дан 63 ёшгача бўлган 5 нафар фуқаро мазкур ташкилотнинг ноқонуний фаолиятини тиклашга уринаётган пайтда қўлга олинди.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, гуруҳ раҳбари аввал жиноий жавобгарликка тортилган шахс бўлиб, у 2000 йилдан 2019 йилгача мамлакатда тақиқланган диний-экстремистик ташкилотларда иштирок этгани ҳамда конституциявий тузумга тажовуз қилгани учун озодликдан маҳрум этилган. Озодликка чиққанидан сўнг, у 4 нафар танишини гуруҳга жалб этиб, ноқонуний тарғибот ишларини қайта бошлаган.
Тергов маълумотларига кўра:
2024–2025 йилларда гуруҳ аъзолари Қўқон шаҳридаги маҳаллий ошхоналарда мунтазам учрашиб, халифалик тузиш ғояларини муҳокама қилган;
Ёпиқ Telegram каналлари орқали тақиқланган адабиётлар тарқатилган ва ўрганилган;
Ҳибсга олинганлардан бири аввал "Ҳизб ут-Таҳрир"даги иштироки учун 23 йиллик қамоқ жазосини ўтаган, бошқа бир иштирокчи эса фирибгарлик учун судланган.
Қўлга олинган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг:
159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш),
244-моддаси 1- ва 2-қисмлари (Экстремистик фаолиятни ташкил этиш ва унда иштирок этиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Қашқадарё вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилди
Аввалроқ Қашқадарё вилоятида диний-экстремистик «Жиҳодчилар» оқимига мансуб яширин гуруҳ аъзолари аниқланган эди. Ушбу тузилманинг бош ташкилотчиси бир неча бор судланган хавфли рецидивист бўлиб, у Қарши шаҳри ва атрофида яшовчи 7 нафар фуқарони ноқонуний гуруҳга жалб қилган. Улар хусусий уйларда йиғилишлар ўтказиб, диний асосда давлат тузиш ғояларини тарғиб қилган.
Эслатма: Ўзбекистон ҳудудида диний-экстремистик ҳаракатлар фаолияти тақиқланган. Бундай фаолият билан шуғулланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Давлат хавфсизлик хизмати фуқаролардан огоҳ бўлишни ва шубҳали ҳолатлар тўғрисида ваколатли органларга мурожаат қилишни сўрайди.