16 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида собиқ депутат Кобул Дусовга нисбатан ҳукм эълон қилинди. Суд уни бир нечта моддалар бўйича айбли деб топиб, жами 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жазо умумий тартибдаги колонияда ўталади.
Айбловлар: туҳмат, ҳақорат ва ёлғон хабар
Суд ҳукмига кўра, Кобул Дусов:
Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «а» банди,
140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди,
237-моддаси (ёлғон хабар бериш) 2-қисми «г» банди бўйича айбли деб топилди.
Жабрланувчилар сифатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Навоий вилояти бошқармаси мутасаддилари, ҳамда Чирчиқ шаҳар ИИБ пробация бўлими инспектори қайд этилган.
Муқаддамги суд қарорлари қўшилди
Суд мазкур ҳукмни тайинлашда:
2025 йил 24 февралдаги Арнасой туман суди ҳукми,
2025 йил 24 январдаги Яшнобод туман суди ҳукми,
2024 йил 22 ноябрдаги Чилонзор туман суди ҳукмини ҳисобга олди.
Натижада, 5 йил 1 ойлик жазога олдинги ҳукмлар бўйича жазолар қисман қўшилиб, умумий 5 йил 2 ой муддат тайинланди.
Кассацияда ҳам ўзгаришсиз қолдирилди
2025 йил 11 март куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича кассация ҳайъати Яшнобод туман судининг 2025 йил 24 январдаги ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.
Маънавий ва моддий зарарни ундириш ҳуқуқи
Суд тарафларга моддий ва маънавий зарар ундириш бўйича фуқаролик ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтирди.