2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда сиртқи таълим шаклига қабул тўхтатилади. Бу қарор Президентнинг 2024 йил 5 майдаги ПФ-76-сон фармонида белгиланган бўлиб, давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларига бирдек тааллуқлидир.
Нега сиртқи таълим тугатилди?
Сиртқи таълим шакли 2018 йилда меҳнат фаолиятини давом эттираётган, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган шахсларга қулайлик яратиш мақсадида қайта жорий этилган эди. Ушбу тизим қисқа вақт ичида кўплаб фуқароларга таълим олиш имконини берди ва ижобий ижтимоий-иқтисодий натижаларга эришилди.
Бироқ вақт ўтиши билан таълим сифатини назорат қилиш, академик интизомни таъминлаш ва билим чуқурлиги каби масалаларда жиддий муаммолар кузатилди. Шу боис, олий таълим сифатини ошириш ва шогирд-устоз анъаналарини ривожлантириш мақсадида сиртқи таълим шаклини босқичма-босқич тугатишга қарор қилинди.
Ҳозирда сиртқи таълимда ўқиётганлар учун қандай тартиб қўлланилади?
Сиртқи таълимга қабул бекор қилинган бўлса-да, ҳозирда ушбу шаклда таҳсил олаётган талабалар ўқишини белгиланган тартибда якунига етказади. Улар ўз йўналишлари бўйича давлат таълим стандартлари ва фан дастурлари асосида таълим олишда давом этадилар. Олийгоҳлар бу талабаларга зарур шарт-шароит ва ўқув ресурсларини таъминлашга масъул.
Сиртқи таълимда диплом олганлар ишга қабул қилинадими?
Албатта. Сиртқи таълим шаклида таҳсил олган ва белгиланган талабларга мувофиқ диплом олган шахслар тўлиқ олий маълумотли мутахассис сифатида тан олинади. Уларнинг дипломлари кундузги, кечки ёки масофавий таълим шаклидаги дипломлар билан тенг юридик кучга эга. Иш берувчилар бундай мутахассисларни таълим шакли эмас, балки билим ва кўникма асосида баҳолаши лозим.
Сиртқи таълим ўрни қандай тўлдирилади?
Ишлаб юрган фуқаролар учун таълим олиш имкониятлари чекланмайди. Сиртқи таълим ўрнини масофавий, кечки ва мақбуллаштирилган кундузги (part-time) таълим шакллари босқичма-босқич тўлдиради.
Масофавий таълим — ахборот-коммуникация технологиялари асосида уйда ёки ишда ўқиш имконини беради.
Кечки таълим — иш вақтидан кейинги соатларда ўтказилади.
Мақбуллаштирилган кундузги таълим (part-time) — ўқув ва иш жараёнини бир вақтда мувофиқлаштириш имконини яратади.
Ҳозирда бу шаклни жорий этиш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.
Сиртқидан кундузгига ёки аксинча ўтиш мумкинми?
Ҳозирда мавжуд сиртқи гуруҳларга ўқишини кўчириш истагида бўлган талабалар белгиланган муддатларда ариза бериб, тартиб асосида курсини ўзгартиришлари мумкин. Бироқ 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб янги сиртқи қабул амалга оширилмайди.
Иккинчи мутахассисликда сиртқи таълим сақланадими?
Йўқ. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб барча йўналишларда, жумладан, иккинчи мутахассислик бўйича ҳам сиртқи таълим шакли бекор қилинади. Ушбу йўналишда таҳсил олишни хоҳлаганлар учун масофавий, кечки ва кундузги таълим шакллари таклиф қилинади.
Ҳозирда масофавий таълимни қайси ОТМлар таклиф қилмоқда?
Бугунги кунда мамлакатдаги 21 та давлат ОТМ ҳамда бир қатор нодавлат муассасаларда масофавий таълим самарали йўлга қўйилган. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб бошқа олийгоҳларда ҳам ушбу шаклни жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Масофавий таълимга кириш умумий қабул тартиби асосида амалга оширилади.