Жиззах шаҳридаги 1-мактабда таҳсил олаётган икки опа-сингил — Бекпўлатова Муҳаббат ва Азиза қалбидан томган сатрлари, самимий туйғулари ва шижоатли қалами билан сўз оламида илк парвозини бошлашди. Улар адабиётга меҳр қўйган, шеъриятга ошно бўлган, руҳий етукликка интилган иқтидор эгаларидир.
8-синф ўқувчиси Муҳаббат ва 6-синфдаги синглиси Азиза ёш бўлишларига қарамай, юракларида улкан ҳис-туйғуларни яшириб ўтирмайдилар. Улар ёзган шеърларда она Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга садоқат, табиатга эҳтиром ва она меҳри ёруғ манзара касб этган.
Муҳаббатнинг "Ўзбегим қизлари" номли шеъридан унга хос сўз салоҳияти, миллий руҳ барқ уради:
Ўзбегим қизлари
Ассалом, ўзбекнинг ҳур қизларжони,
Гўзал ҳуснингизла ҳурмат топдингиз.
Лекин эгнингизда хонатлас қани?
Узун, қора сочни қайга отдингиз?Садоқат ва номус азал сизга хос,
Момолардан мерос ибо ва ҳаё.
Не учун тўйларда ўлан айтилмас?
Сизга бу хислатлар бегонами ё?Қўли гул момолар тиккан зар дўппи
Нечун бошингизда эмасдир бугун?
Ўсма энган қошлар қаёққа кетди?
Орзуга айланиб қоларми у кун.Келинг, малоҳати бир жаҳон қизлар,
Буюк анъанани сақлайлик абад.
Мустақил ўзбекнинг жамоли бўлсак,
Дунё тан олажак бизни тоабад!
Бу сатрларда миллий қадриятларга эҳтиром, қиз болага хос иболи тарбия, анъаналарга садоқат туйғулари яширин. Муҳаббат ўз тенгдошларига насиҳат сўзини шеър орқали етказади.
Синглиси Азизанинг шеърларида эса табиатга бўлган меҳр, гўзалликка мафтунлик, рангоранг манзараларни ҳис қилиш туйғуси бор. Унинг “Табиат” номли шеъридан бир парча:
ТАБИАТ
Оқшом тушиб кўкда тўлин ой,
Болаларин эркалатмоқда.
Юлдузларнинг акси тўла сой,
Сукунатни бузиб оқмоқда.Чигирткалар тунги қўшиғи,
Завқ беради дилларга чандон.
Тиллақўнғиз мен ул ошиғи,
Бутазорни айлар чароғон.Капалаклар рақслари нафис,
Тўйиб-тўйиб қилдим томоша.
Тун охирлаб қолса-да ҳаргиз,
Кетолмасман, бу – ажиб гўша…
Бу шеърда болаликнинг беғуборлиги, қалб нозиклиги, табиат манзараларига ошно кўз билан боқиш туйғуси бор. Азиза ўз қалами орқали табиатни, мусаффо туйғуларни ифода этади.
Муҳаббат ва Азиза — ўқишдаги ютуқлари билангина эмас, адабий салоҳияти, мушоҳадаси, сўзга бўлган эҳтироми билан ҳам тенгдошларидан ажралиб туради. Улар ўз шеърларида ифодада содда, руҳда теран, тилакда пок бўлишни афзал кўришади. Сатрлари ёлғондан йироқ, қалбга яқин.
Бугун шеър ёзаётган қизлар — эртага миллатга сўз билан нур улашадиган шоиралар. Муҳаббат ва Азиза сингари қалами зўр қизларимиз орқали биз ўзбек шеъриятининг эртанги порлоқ келажагига ишонамиз.