Ўзбекистонда экспортни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган юз миллионлаб сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Самарқанд вилоятида 700 миллион сўмдан зиёд маблағларни ўзлаштириш билан боғлиқ коррупцион схема фош этилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.
Субсидиялар “Савдони ривожлантириш компанияси” орқали тадбиркорларнинг халқаро бозорга чиқишини таъминлаш мақсадида, хусусан, консалтинг хизматлари ва халқаро сертификатлар олиш учун ажратилган эди. Ҳужжатларга кўра, 710 миллион сўм маблағ шундай мақсадларга йўналтирилган.
Бироқ агентлик текширувлари бу маблағлар асосида ҳеч қандай хизмат кўрсатилмаганини аниқлади. Консалтинг компаниялари ва улар билан боғлиқ тузилмалар сохта актлар, ҳисоб-китоблар тузиб, бюджет маблағларини ўзлаштирган. Натижада, камида 600 миллион сўм хусусий ҳисоб рақамларга тушиб кетган.
Фош этилган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда консалтинг фирмалари, ташқи савдо ташкилотлари ва мансабдорлар тергов доирасига олинган.
Агентлик таъкидлашича, экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилаётган давлат маблағларини назорат қилиш ва уларнинг мақсадли сарфланишини таъминлашда тизимли чоралар кўрилиши зарур.