Коррупция дунё миқёсида глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Ушбу иллат ҳар қандай давлатнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан ўрин олган.
Ҳозирда, коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсдаги каби республикамизда ҳам долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.
Коррупцияга қарши муваффақиятли кураш тизимини кенг кўламли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш, унга танқидий ёндошган ҳолда миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш лозим бўлади.
Этимологик жиҳатдан “коррупция” - лотинча “corruptio”, яъни “бузиш, сотиб олиш, пора эвазига оғдириш” деган маъноларни англатади. Коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш тушунилади.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул килинган.
Жумладан, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” мавзусидаги марузасида “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”, деб таъкидлаган эди.
Шунга кўра, 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди ҳамда шундан сўнг бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупциянинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Қонуннинг 3-моддасига кўра, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик — коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилган қилмиш тушунилиши келтирилган.
Қонуннинг 5-моддасида эса коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар: аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборат эканлиги келтириб ўтилган.
Қонуннинг 27-моддасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этганлик қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар суднинг қарорига кўра муайян ҳуқуқлардан, шу жумладан муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан қонунга мувофиқ маҳрум этилиши мумкинлиги, юридик шахслар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгиланган.
Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти белгиланган бўлиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширишлари назарда тутилган.
Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари Қонуннинг бир нечта моддаларида ўз ифодасини топган. Чунки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак бўлган ва ҳуқуқий таълим ва тарбия жиҳатдан етук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупцияга йўл қўймайдилар.
Бу борада, давлатимиз раҳбари кўплаб маъруза ва чиқишларида лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, коррупция, сохтакорлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга қарши кураш бутун жамиятнинг мақсадига айланиши кераклиги тўғрисида таъкидлаб ўтган.
Хусусан, давлат раҳбари “Ҳалоллик вакцинаси” ва коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этилиши ҳақида илк бор жорий йил Парламентга йўллаган мурожаатномасида қайд этган эди. Кейинчалик ушбу фикрлар, 2020 йилги Давлат дастурида ҳам акс этди.
Дилшод Эшматов
Жиззах вилоят судининг судьяси