Солиқ маслаҳатига оид янги қонун қабул қилинди

Улашиш:

«Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, солиқ маслаҳатчиси мижозга солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш, тўлаш, ҳисобот тайёрлашда кўмаклашиши, қолаверса, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда вакил сифатида қатнашиши мумкин. Янги тартиб октябрдан кучга киради.

Президент 4 август куни «Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги [ЎРҚ-787-сон] қонунни имзоланди. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 24 майда, Сенат томонидан эса 8 июлда маъқулланган.

Ҳужжатга асосан солиқ маслаҳатига оид фаолият деганда солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатишга доир фаолият тушинилади.

Солиқ маслаҳати бир қатор хизматларни, жумладан мижозга солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш, тўлаш, ҳисобот тайёрлаш бўйича маслаҳат бериш, судларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларда вакиллик қилишни ўз ичига олади.

Солиқ солиш масалалари бўйича адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатиш, судда ва бошқа давлат органларида вакиллик қилиш солиқ маслаҳати ҳисобланмайди.

Молия вазирлиги солиқ маслаҳатига оид фаолият соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатаси солиқ маслаҳатчиларининг, солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг ихтиёрий аъзолиги асосида ташкил этиладиган касбий бирлашмаси ҳисобланади.

Малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс солиқ маслаҳатчиси бўлади. Малака имтиҳонини топшириш учун ариза билан Солиқ маслаҳатчилари палатасига мурожаат қилинади.

Малака сертификатини олишга доир малака имтиҳонларида иштирок этиш учун БҲМнинг 2 баравари (600 минг сўм) миқдорида йиғим тўланади.

Қонун расмий эълон қилинган кун (5 август)дан 3 ой ўтгач кучга киради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.