Тухум Алцгеймер касаллиги хавфини деярли ярмига камайтиради

Улашиш:

Тухумни мунтазам истеъмол қилиш кексайган инсонларда Алцгеймер касаллиги ривожланиши хавфини 47 фоизгача камайтиради. Бу ҳақда The Journal of Nutrition журналида чоп этилган Америка тадқиқотчилари хулосасида қайд этилган.

Узоқ муддатли когнитив тадқиқот давомида олимлар 81 ёш атрофидаги мингдан зиёд инсоннинг ҳафталик овқатланиш рациони ва соғлиги устидан 7 йил мобайнида кузатув олиб боришди. Бу муддат ичида иштирокчиларнинг 27 фоизида Алцгеймер аломатлари ривожланган бўлса, ҳафтасига камида икки тухум истеъмол қилганларда бу кўрсаткич анча паст бўлган.

Моддий таҳлиллар шуни кўрсатдики, тухум истеъмоли мияда Алцгеймер касаллигига хос патологик ўзгаришларнинг камроқ ривожланиши билан боғлиқ. Хусусан, тухум сариғида мавжуд бўлган холин моддаси нейрон фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади ва ҳимоя таъсирининг тахминан 39 фоизини таъминлайди.

Бундан ташқари, тухум таркибидаги омега-3 ёғ кислоталари ва лутеин каби моддалар мия саломатлигини сақлашда муҳим роль ўйнайди.

Олимларнинг таъкидлашича, тухумни кундалик рационга киритиш орқали деманс ва Алцгеймер касаллиги хавфини самарали, хавфсиз ва арзон усулда камайтириш мумкин. Бу тавсия айниқса кекса ёшдаги инсонлар учун муҳим ҳисобланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.