Наманган шаҳрида халқаро террорчилик ташкилоти – “Ислом Давлати Хуросон Вилояти” (ИД-ХВ) мафкурасини ёйиш билан шуғулланган яширин гуруҳ фош этилди. Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, гуруҳни 19 ёшли, Давлатобод туманида яшовчи аёл тузган. У Истанбулдаги ноқонуний “ҳужра”да диний тайёргарликдан ўтгандан сўнг Ўзбекистонга қайтиб, экстремистик фаолиятга киришган.
У ёш бўлишига қарамай, атрофига ўнлаб тарафдорларни тўплаган, Telegram мессенжерида юзлаб иштирокчиларни қамраб олган каналлар ва чатлар очган. Уларда ИШИД рамзлари, жангари видеолар, экстремистик материаллар тарқатилган. Ҳатто ўз отасини “кофир” деб атагани айтилади — у қизини бу йўлдан қайтаришга уринган.
Тергов маълумотларига кўра, йиғилишлар давомида гуруҳ етакчиси жиҳод, шаҳидлик, халифалик каби ғояларни ёшлар орасида фаол тарғиб қилган. Ҳозиргача 16 нафар аъзо аниқланган — уларнинг телефонлари, электрон қурилмалари ва диний мазмундаги адабиётлари олиб қўйилган. Гуруҳ етакчиси ва яна уч нафар фаол иштирокчига нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, улар қамоққа олинган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қолган иштирокчилар юзасидан текширув ишларини олиб бормоқда. Мазкур ҳолат мамлакатда ёшларни радикал мафкуралардан ҳимоя қилиш ва интернет орқали ёйилаётган экстремизмга қарши курашиш заруратини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил июнь ойида ҳам Фарғона вилоятида тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотининг яширин ячейкаси фош қилинган ва Қўқонда 5 нафар фуқаро ушланган эди.