Солиқ ҳуқуқбузарликлари хабарчиларига 17,7 миллиард сўм мукофот тўланди

Улашиш:

2025 йил бошидан бери Ўзбекистонда солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган фуқароларга 17,7 миллиард сўмдан ортиқ мукофот пули тўланди. Бу маблағ 24 762 та ҳолат бўйича жарималардан ундирилган сумманинг 20 фоизи ҳисобидан ажратилган.

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан то шу кунга қадар ҳуқуқбузарликлар ҳақида 54 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг асосий қисмини — 49 015 тасини харид чеки бермаслик ҳолатлари ташкил қилган. Шунингдек, 1 898 та ҳолатда тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик, 126 та ҳолатда эса карта учун харид суммасини сунъий ошириш ҳолатлари аниқланган. 3 362 та ҳолат эса бошқа турдаги ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ бўлган.

Фуқаролар мурожаатлари асосида 21 702 та сайёр солиқ текшируви ўтказилган ва уларнинг 99,1 фоизида ҳуқуқбузарлик тасдиқланган. Шу билан бирга, 26 155 та мурожаат текширув жараёнида такрорий деб топилгани ёки мурожаат қилинган тадбиркорлик субъектлари бўйича текширувлар давом этаётгани сабабли кўриб чиқилмаган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп мукофот пули Тошкент шаҳридаги мурожаатчиларга — 4 миллиард 279 миллион 500 минг сўм тўланган. Энг кам мукофот эса Жиззах вилоятидаги фуқароларга — 512 миллион сўмни ташкил этган. Бу вилоятдан келиб тушган мурожаатлар сони ҳам нисбатан кам бўлган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.