Солиқ қўмитаси раҳбари ҚҚС қайтарилишининг чўзилиб кетишини солиқчиларнинг эҳтиёткорлиги билан изоҳлади

Улашиш:

Солиқ қўмитаси раҳбари Шерзод Кудбиев ҚҚС (Қўшилган қиймат солиғи) қайтариш жараёнидаги кечикишларни ходимларнинг эҳтиёткорлиги ва қўрқуви билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, хатога йўл қўйиш ёки пора билан боғлиқ ҳолатларга учраб қолиш хавфи уларни “ўта ҳушёр” ҳаракат қилишга мажбур қилмоқда.

“Энди улар том маънода совуқ сувни пуфлаб ичадиган бўлишди”, — деди Кудбиев.


7 ойлик кечикиш: 750 миллион сўм ҳануз қайтарилмаган

Транспорт-логистика соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар билан учрашувда ҚҚС масаласи алоҳида кўтарилди. Иштирокчилардан бири 7 ойдан бери 750 млн сўм ҚҚСни қайтариб ололмаётганини маълум қилди.

Бу шикоятга жавобан, Кудбиев ҚҚС бошқармаси бошлиғи Равшан Имомовга ҳолатни шу куннинг ўзида текширишни буюрди:

“Ё аҳмоқ пора сўраяпти, ё тадбиркорнинг ўзида хатолар бор. Иккисидан бири. Текшириб, менга билдиришсин.”


Автоматик қайтариш учун — “AAA” рейтинг зарур

Кудбиев ҚҚС қайтарилиши автоматлаштирилган тизим орқали “AAA” рейтингига эга корхоналарга бир кун ичида амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлади. Бу рейтинг бизнеснинг барқарорлигини кўрсатувчи 23 та кўрсаткич асосида баҳоланади.

Бироқ тадбиркор, рейтинг олинганидан сўнг ҳам текширувдан қутулиб бўлмаслиги мумкинлигини билдирди. Бунга жавобан, Кудбиев шундай деди:

“Сизнинг киноянгизга қўшилмайман. Ўзбекистоннинг норматив ҳужжатлари устидан кулишга ҳаққингиз йўқ. Хатога йўл қўйганингизни тан олиб, яна ҳазиллашасизми?”


Солиқчилар — “назорАтчи ҳам, меҳнаткаш ҳам”

Кудбиев солиқчиларни фақат жазоловчи эмас, балки оғир меҳнат қилувчи орган сифатида ҳимоя қилди:

“Солиқ идорасида 9 мингдан ортиқ киши ишлайди. Бу ҳам назорат қилувчи орган, ҳам оғир меҳнат қилаётганлардир.”


Фон: ҚҚС тизимидаги ўзгаришлар

  • 2024 йил 1 февралдан бизнес барқарорлиги рейтинги жорий этилган;

  • “AAA” рейтингига эга компанияларга текширувларсиз ҚҚС қайтариш имкони берилади;

  • Бундан фақат жиноий ишлар билан боғлиқ ҳолатлар мустасно қилинади.

Аввалроқ Кудбиев хизмат кўрсатиш соҳасида ҚҚС ставкасини пасайтиришга розилик билдирган, бироқ кириш солиғини ҳисобга олиш механизмидан воз кечиш талаб қилинган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.