Сенатнинг 9-ялпи мажлисида вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни енгиллаштиришга қаратилган муҳим қонун қабул қилинди.
Қонунга мувофиқ, 18 ёшга тўлмасдан ўта оғир бўлмаган жиноят содир этган ва жазони ўтаб бўлган шахслар судланмаган деб ҳисобланади. Бу ўзгариш ёшлар ҳаётида “судланганлик” тамғасини олиб ташлашга йўл очади.
Бундан ташқари, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум этиш жазоларининг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилади.
2023 йилда 1 911 нафар, 2024 йилнинг ўзида эса 2 214 нафар вояга етмаган шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Улар томонидан 1 238 та ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва 855 та унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган.
Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур Қонун ёшларга иккинчи имконият беради ва уларнинг жамиятда тўсқинликларсиз ҳаёт кечиришига хизмат қилади.