4–5 август кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Туркманистонда бўлади. Ушбу сафар БМТнинг денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этиш учун амалга оширилади. Тадбир Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан ташкил этилмоқда.
Аваза миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтадиган конференцияда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади. Тадбир доирасида глобал иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, савдо тартиб-таомилларини енгиллаштириш, транспорт йўлакларини такомиллаштириш, иқлим ўзгариши ва экологик хатарларга бардошлиликни ошириш каби масалалар муҳокама этилади.
Конференция якунлари бўйича “Аваза сиёсий декларацияси” ва амалий ҳаракатлар дастури қабул қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, Президент Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик масалаларига бағишланган тадбирда иштирок этади ва қатор икки томонлама музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
Ушбу ташриф Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорлик ва глобал ташаббуслардаги фаол иштирокини яна бир бор намоён этади.