Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро халқаро террористик ташкилот ғояларини ёйгани учун 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати расмий маълумот берди.
Маълумотларга кўра, ушбу шахс 2021 йилда Telegram мессенжерида канал очиб, унда ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни жойлаш ва тарқатиш билан шуғулланган. У каналнинг 9 нафар обуначисига таъқиқланган мазмундаги маълумотларни етказган.
Бундан ташқари, у Instagram орқали Сурияда фаолият юритаётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти вакили билан алоқа ўрнатган ва унинг даъватларига мойиллик билдирган. Улар ўртасида аудио ва матнли хабарлар алмашинуви бўлган, жиҳодга қўшилиш йўллари муҳокама қилинган.
Айбланувчи шунга ўхшаш ғояларни синфдошлари ва яқин танишлари орасида ҳам тарқатган, “жамоат” шакллантириб, уларни Сурияга “ҳижрат” қилишга ва террорчи гуруҳлар сафига қўшилишга даъват этган.
ДХХ ва тегишли идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида шахснинг ноқонуний фаолияти бартараф этилди. У жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди ва 244-2-моддаси 1-қисмига асосан айбдор деб топилди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Андижон вилоятида ҳам шунга ўхшаш жиноят содир этган 28 ёшли фуқаро 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.