Мирзиёев ва Бердимуҳамедов Туркманбошида стратегик шериклик масалаларини муҳокама қилди

Улашиш:

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманбоши шаҳрида учрашув ўтказиб, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда жорий йил апрель ойида Самарқандда эришилган келишувларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, чегараолди “Шовот-Тошовуз” савдо зонаси ташкил этиш, саноат, энергетика, транспорт ва сув хўжалиги соҳаларидаги кооперацияни кучайтириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар ўртасидаги мулоқотлар барча даражада фаоллашиб, йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 600 миллион долларга етди. Ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар ҳамкорлик изчил давом этмоқда.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиё давлатлари еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик, БМТ конференцияси кун тартиби, ҳукуматлараро комиссиялар йиғилишлари ва қатор маданий тадбирлар ҳақида ҳам атрофлича фикр алмашдилар.

Шавкат Мирзиёев суҳбат аввалида Бердимуҳамедовни БМТнинг денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатлар бўйича конференциясини юксак савияда ташкил этгани муносабати билан самимий табриклади.

Учрашув дўстона руҳда, ўзаро ишонч ва умумий манфаатлар асосида ўтди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.