Тошкентда уй-жой, ижара ва ер нархлари пасаймоқда — Марказий банк ҳисоботи

Улашиш:

Ўзбекистон Марказий банки 2025 йил биринчи ярми якунларига кўра Тошкент шаҳрида уй-жой, ижара ва ер участкалари нархлари пасайишда давом этаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, олди-сотди битимлари ва ипотека кредитлари сони ошмоқда.

Иккиламчи уй-жой бозорида 1 кв.м учун ўртача нарх 15,4 млн сўмдан 14,9 млн сўмгача тушган (−3%). Пасайиш ойлик ва йиллик ҳисобда кузатилди. Тошкент вилоятида ҳам −2,7%лик тушиш қайд этилган. Наманган вилоятида нархлар барқарорлашиб, −0,1% тушган. Айрим ҳудудларда эса нархлар ўсиши давом этмоқда.

Ижара ва ер нархлари ҳам тушишда

Тошкентда уй-жой ижараси тўловлари ўтган йилнинг июнига нисбатан 6,1%га пасайди. Республика бўйича ижара тўловлари нархи йиллик ҳисобда +0,3% даражасида бўлди — деярли барқарор.

Ер участкалари бозорида ҳам пасайиш қайд этилди: Тошкентда 1 сотих (100 кв.м) ер учун нарх 334 млн сўмгача тушди (2024 йил июнида — 342 млн, апрелида — 364 млн сўм).

Ипотекага бўлган талаб ва олди-сотди битимлари ўсмоқда

2025 йилнинг биринчи ярмида умумий олди-сотди битимлари сони 177,5 мингтага етди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан +10,7% ўсишни англатади. Ушбу битимларнинг 148,4 мингтаси бевосита кўчмас мулк билан боғлиқ.

Ипотека кредитлари ҳажми ўтган йилнинг иккинчи чорагига нисбатан 36%га ошди. Ипотека орқали амалга оширилган битимлар улуши 21,3%га етди. Бирламчи бозорда ипотека ҳиссаси 57%дан 74%гача кўтарилди.

Янги қурилишлар ва инвестициялар ўсмоқда

Бирламчи бозордаги фаоллик жадал қурилиш ишлари ва инвестициялар ҳисобига қўллаб-қувватланмоқда. Қурилиш ҳажми 10,7%га, турли инвестициялар улуши 4,7%дан 7,9%гача ошган.

Қурилиш компаниялари мослашувчан тўлов шартларини таклиф этмоқда, бу эса талабни кучайтириб, бирламчи бозорни кенгайтиришга туртки бўлмоқда.

Даромадлар ва бозор барқарорлиги

Аҳолининг реал даромадлари 2025 йилнинг биринчи ярмида 9,5%га ўсган. Бу талабни оширмоқда. Нарҳлар ўсишининг секинлашиши, ипотекалар кўлами билан биргаликда, турар жой сотиб олиш имкониятларини барқарорлаштирмоқда.

Қурилиш материаллари нархи ҳам бироз ўсган

Қурилиш материаллари таклифи барқарор, аммо таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш материаллари нархи йиллик ҳисобда 5%га ошган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.