Самарқанд вилоятида Россия қуролли кучлари сафида Украинага қарши урушаётган ёлланма жангчилар сифатида қатнашган икки ўзбекистонлик суд ҳукмига тортилди. Каттақўрғон шаҳар суди уларга уй қамоғи билан озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Суд маълумотларига кўра, 1999 йилда туғилган, Иштихон туманида туғилган М.Қ. 2021 йилда ишлаш мақсадида Россияга кетган. Москвада жазо ўтаётган вақтида босим остида фронтга боришга рози бўлиб, 2024 йил октябридан 2025 йил январгача Донецк шаҳри атрофидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган. 2025 йил 6 январда граната портлашида оғир жароҳат олиб, ҳарбий госпиталда даволангандан сўнг Ўзбекистонга қайтган. Суд унга ЖК 154-моддаси 1-қисми асосида 4 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Иккинчи айбланувчи — 1984 йилда туғилган Н.Д., 2023 йил июлида Россияга бориб, бир йиллик шартнома асосида урушга ёлланган. У Украинада хизмат қилаётган акаси С.Д.ни қайтариш ниятида фронтга чиққан. Луганск вилоятида хизмат давомида акаси ҳалок бўлган, ўзи эса мина портлашидан оғир жароҳатланган. Суд унга ЖК 154-1-моддаси 2-қисмига мувофиқ 3 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, хорижий давлатлар сафида ёлланма ҳарбий хизмат ўташ жиноят ҳисобланади ва озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.