Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг махсус фармонига мувофиқ, мамлакатга олиб келинган фаластинлик фуқаролар (меҳмонлар) учун давлат томонидан кенг кўламли ижтимоий ҳимоя чоралари жорий этилди.
Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса меҳмонларга нафақа тайинланади, меҳнат ёшидаги шахсларга (I ва II гуруҳ ногиронларидан ташқари) ҳар ой минимал истеъмол харажатлари миқдорида яшаш нафақаси берилади. Ҳар бир оиланинг уй-жой ижара харажатлари тўлиқ қопланади, фарзанд туғилганда бир марталик нафақа ҳамда дафн маросими учун тўловлар Ўзбекистон фуқаролари билан бир хил миқдорда амалга оширилади. Шунингдек, оилаларга бирламчи зарурий воситалар — ноозиқ-овқат маҳсулотлари тўплами хариди учун қўшимча кўтарма пул ажратилади. Ҳар бир оилага маҳалладан ижтимоий ходим бириктирилиб, шахсий ҳамроҳлик ва индивидуал ёрдам кўрсатилади.
Меҳмонлар фарзандлари давлат боғча ва мактабларига навбатсиз жойлаштирилади, 2028 йил 1 январига қадар боғча тўловидан озод этилади. Давлат умумий ўрта таълим муассасаларида қўшимча касб-ҳунар, ахборот технологиялари ва олий таълимга тайёргарлик курслари харажатлари 100 фоиз давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Эслатиб ўтамиз, 2024 йил охирида президент ташаббуси билан 100 нафар фаластинлик Рафаҳдан Ўзбекистонга эвакуация қилинган эди.