Ўзбекистон чегаралари орқали контрабанда йўли билан олиб кирилаётган қарийб 80 кг гиёҳванд моддалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мусодара қилинди. ДХХ ва ички ишлар идоралари ўтказган бир қатор тезкор тадбирлар давомида Россия, Тожикистон, Қозоғистон ва Афғонистондан келтирилган моддалар қўлга олинди.
Сурхондарё вилоятида 2005 ва 2006 йилларда туғилган икки нафар фуқаро 20 кг 374 гр “опий” ва 41 кг 668 гр “гашиш” билан ушланди. Уларнинг шериклари – 2000 ва 2004 йилларда туғилган маҳаллий шахслар ҳам қонунчиликка мувофиқ ҳибсга олинди.
Тошкент вилоятида мармар қуйма тош ичига яширилган 7 кг 902 гр “Мефедрон” топилди. Тергов маълумотларига кўра, курьер моддани Москвадан олиб, Telegram-бот орқали топшириққа биноан Ўзбекистондаги буюртмачига етказиши керак эди. Бекобод туманида моддани қабул қилаётган 1985 йилда туғилган шахс ушланди.
Фарғона вилоятида эса 1964 йилда туғилган аёл ва унинг судланган ўғлидан 5 кг 878 гр “опий” ва 3 кг 922 гр “гашиш” ашёвий далил сифатида олинди.
Жами 79 кг 744 гр гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Барча гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.