“Open budget”нинг тарғибот босқичи бошланди

Улашиш:

Ўзбекистонда “Очиқ бюджет” порталида “Ташаббусли бюджет” жараёнларининг 2025 йилги 2-мавсумида саралаш босқичи якунланди ва 19 августдан тарғибот босқичи бошланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.

Вазирликка кўра, 2-мавсум доирасида фуқаролар томонидан 22 623 та таклиф келиб тушган, улардан 18 656 таси саралаш босқичидан ўтган. Энди ташаббускорлар ўз лойиҳаларини тарғиб қилиб, овоз бериш жараёнига тайёргарлик кўради.

Жараён қуйидаги саналарда амалга оширилади:

  • Лойиҳа киритиш босқичи: 15 июль – 3 август

  • Саралаш босқичи: 4 – 18 август

  • Тарғибот босқичи: 19 – 21 август

  • Овоз бериш босқичи: 22 – 31 август

Ғолиблар 1 сентябрь — Мустақиллик байрами куни эълон қилинади.

Шу билан бирга, “Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йилги 2-мавсуми ва 2025 йилги 1-мавсумида ғолиб бўлган 823 та маҳаллага жорий йилги 2-мавсум ҳамда 2026 йилги 1-мавсумда танаффус берилади. Демак, бу маҳаллалар ҳамда улардаги мактаб, боғча ва тиббиёт муассасалари янги лойиҳалар билан иштирок эта олмайди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, ҳар мавсум бошланишидан олдин танаффус берилаётган маҳаллалар рўйхати расмий манбаларда эълон қилиб борилади. Бироқ, айрим ҳолларда, масалан, Наманган шаҳрининг “Даштбоғ”, Когон шаҳрининг “Нурафшон” ва Шуманай туманининг “Бегжап” маҳаллаларида 2025 йил 1-мавсумида лойиҳалар рад этилгани сабабли улар танаффус рўйхатига киритилмади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.