Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2025/2026-ўқув йили учун олий таълим муассасалари ва академик лицейларда дарслар бошланиш муддатларини белгилади. Унга кўра, 1-курс талабалари ва лицей ўқувчилари учун янги ўқув йили 3 сентябрдан, юқори курс талабалари учун эса 8 сентябрдан старт олади.
Вазир буйруғига мувофиқ, академик лицейларнинг барча босқич ўқувчилари ҳамда олий таълим ташкилотларининг биринчи босқич талабалари дарсларга 3 сентябрдан киришади. 2 ва ундан юқори курс талабалари учун эса дарс жараёнлари бир ҳафта кечроқ — 8 сентябрдан бошланиши белгиланди.
Шу билан бирга, янги қабул қилинган 1-курс талабалари учун махсус тадбирлар ташкил этилади. Жумладан, улар “Кредит таълими тизимига кириш” ҳафталигида иштирок этади ҳамда анъанавий “Талабаликка бағишлов” маросимида расман талабаликка қадам қўяди.
Бу ўзгаришлар барча олий таълим муассасалари ва академик лицейларда амал қилади.