Миграция агентлиги ДХХ хабарига жавоб берди: “Кореяга E-9 виза танловлари ўтказилмаган”

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги Давлат хавфсизлик хизмати томонидан эълон қилинган коррупция ҳолатига расмий муносабат билдирди.

Тармоқларда агентликнинг айрим ходимлари фуқароларни пул эвазига Жанубий Корея Республикасига ишга юбориш билан шуғуллангани ҳамда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Агентликнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги ПФ–162-сонли Фармони билан агентлик қайта ташкил этилгандан буён, Кореяга E–9 визаси бўйича ҳеч қандай расмий танловлар ўтказилмаган.

Шу билан бирга, айрим ходимлар томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлардан сўнг агентлик таркибида жиддий ўзгаришлар қилингани таъкидланди. Жумладан, Жанубий Кореяга юбориш жараёнлари билан боғлиқ бўлган барча кадрлар, шу жумладан, Сеулдаги ваколатхона ходимлари тўлиқ алмаштирилган.

Агентлик ўз баёнотида шундай дейди:

“Агентлик ходимлари орасида ўз касбига хиёнат қилган, фуқароларнинг ишончи ва ҳақ-ҳуқуқларини суиистеъмол қилган шахсларнинг ҳаракатлари кескин қораланади”.

Шунингдек, Миграция агентлиги фуқароларга мурожаат қилиб, агар агентлик фаолияти билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар ёки қоидабузарликларга дуч келинса, улар ҳақида тезда хабар бериш зарурлигини эслатди.

 Бунинг учун махсус Комплаенс хизмати ишламоқда:

  • Телефон рақамлари: 71–202–44–11 ва 12-82 (қисқа рақам).

Агентлик таъкидлашича, асосий мақсад — фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олишдир.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.