Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари янги босқичга кирди. 2025 йил 21 август куни қабул қилинган Президентнинг ПФ–140-сонли Фармони билан суд тизимида рақамли технологиялар, жумладан сунъий интеллект (СИ) имкониятларини жорий этиш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Фармоннинг асосий мақсади — одил судлов самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, судьялар мустақиллиги ва фаолиятининг шаффофлигини таъминлашдир.
“Рақамли суд” концепцияси доирасида суд жараёнлари электрон тартибда ташкил этилади. Бу фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига иш материаллари билан масофадан туриб танишиш, суд мажлисларида онлайн иштирок этиш имконини беради. Шунингдек, суд мажлислари баённомалари сунъий интеллект орқали реал вақтда тайёрланиши инсон омили таъсирини камайтиради.
Янги тизимнинг амалга оширилиши натижасида қоғозбозлик қисқаради, суд ишларини кўриб чиқиш муддатлари тежалади, энг муҳими — суд тизимига ишонч ортади. Шунингдек, фуқаролар учун “my.sud.uz” порталида виртуал маслаҳатчи орқали ҳуқуқий ёрдам олиш имконияти яратилиши ҳам кўзда тутилган.
Фармон билан иқтисодий судлар фаолиятида ҳам ўзгаришлар амалга оширилади. Туман ва шаҳар иқтисодий судлари тугатилиб, уларнинг ўрнида туманлараро иқтисодий судлар ташкил этилади. Бу ягона суд амалиётини таъминлаш ва ишларни марказлаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, суд биноларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича манзилли дастур қабул қилиниши судьялар учун муносиб шароит яратади.
Жиззах вилоят судининг судьяси А.Сайфитдинов