Тошкент шаҳрида сентябрь ва октябрь ойларида иссиқ сув таъминоти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда Veolia компанияси маълум қилди. Уларнинг сўзларига кўра, ушбу чоралар тизимни қишки мавсумга тайёрлаш учун амалга оширилмоқда.
Компания фуқаролардан вазиятни тўғри тушунишларини сўраб, вақтинча ноқулайликлар учун узр билдирди. Профилактика ишлари шаҳарнинг турли туман ва массивларида босқичма-босқич олиб борилади.
Тўлиқ жадвал:
8–12 сентябр – Мирзо Улуғбек, Темур Малик, Авайхон, Феруза кўчалари ҳамда Қорасув ва Чилонзор массивларида.
15–19 сентябр – Амир Темур, Мустақиллик, Шароф Рашидов, Навоий кўчалари ва Учувчилар шаҳарчасида.
22–26 сентябр – Бунёдкор, Навоий, Олмазор, Беруний, Чорсу атрофи.
29 сентябр – 3 октябр – Юнусобод, Шаҳристон, Шастри, Аҳмад Дониш, Белтепа, Ибн Сино массивлари.
6–10 октябр – Сергели, Қўйлиқ массивлари, Янги Сергели йўли, Давлатобод ва “Қурувчи” массиви.
Бундан ташқари, айрим массивларда сув таъминоти қисман чекланиши мумкин. Тўлиқ рўйхат Veolia компанияси расмий сайти ва ижтимоий тармоқларида эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сентябр–октябрь ойларида Тошкентда ичимлик суви ҳам режали равишда ўчирилиши маълум қилинганди.