Амир Темур (1336-йил 9-апрел - 1405-йил 18-феврал) - ўрта асрларнинг йирик давлат арбоби, буюк туркий саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси.
Амир Темур 35 йиллик ҳукмронлиги даврида у асос солган давлат таркибидаги ҳар бир ҳудудга алоҳида эътибор қаратган. Шу жумладан Жиззах воҳасига ҳам.
Жиззах дастлаб "Дизак" шаклида ўрта асрлар тарихчилари асарларида учрайди ва ҳудуднинг таъриф-тавсифи келтирилади.
Жиззахнинг географик жойлашуви бир қатор қулайликларга эга. Хусусан, оқар сув манбаи (Сангзор), суғориладиган ерлари, чорва яйловлари, тоғ олди ва чўл-дашт ҳудудларининг табиий манзаралари бунга яққол мисолдир.
Жиззахнинг Ўрта Осиё ва қўшни минтақа мамлакат ва шаҳарларини иқтисодий жиҳатдан бир-бири билан боғловчи Буюк Ипак йўли «чорраҳа»сида жойлашганлиги ҳам унинг иқтисодий ва маданий ҳаётида муҳим ижобий из қолдирган. Қадимги ва ривожланган ўрта асрлардаги Жиззах ўрнини мутахассислар ҳозирда Жиззах шаҳрининг шарқий қисмида жойлашган Қалиятепа ўрнида деб эътироф этишади. Қалиятепа соҳибқирон Амир Темур давридан бошлаб воҳанинг бош шаҳри мақомида эмас, балки асосий ҳарбий қўрғонларидан бири сифатида фаолият кўрсата бошлаган. Бундай фикр юритишга сабаб шундаки, Қалиятепанинг шаҳристон ва арк қисмидагина сўнгги ўрта асрларга оид маданий қатламлар мавжуд, унинг атрофидаги рабодларда ушбу даврда ҳаёт давом этмаган. Қалиятепа шаҳристони ва аркининг умумий майдони 5 га. атрофида эканлигини ҳисобга олсак бу майдон сўнгги ўрта асрда муҳим ҳарбий-стратегик аҳамият касб этган Жиззахдек (Дизак) шаҳар учун анча торлик қилади. Амир Темур давридаёқ марказий шаҳар ҳаёти Қалиятепадан 6 км шимоли-ғарбда жойлашган Ўрдага кўчган.
Амир Темурнинг Жиззах воҳаси билан боғлиқ жиҳатлари кўп. Бир неча бор Дашти Қипчоқ, Мўғулистон, Хитой сари юриш қилган вақтда Жиззах орқали ўтган. Амир Темур Жиззахда кўп марта тўхтаб ва қайтишда тушиб хордиқ чиқарганлиги таъкидланади. Амир Темур Олтин ўрда хони Тўхтамишхон томонидан бўлаётган тазйиққа зарба бериш мақсадида 1389 йилда Жиззахдаги Аччи мавзесида у билан биринчи маротаба жанг қилган.
Ҳозирги Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Зомин, Бахмал туманлари кўҳна Турон замини гўшаларидан ҳисобланади. Бу туманларда Амир Темур билан боғлиқ қадамжолар кўп. Улардан бири сифатида Илонўтди дараси ("Темур дарвоза")ни айтишимиз мумкин. Халқимиз "Илон ўтди" дарасини "Амир Темур ғори," "Темур дарвоза" деган номлар билан ҳам аташган. Шунинг учун эл орасидаги айрим гап-сўзларга қараганда, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳар гал зафар қучганидан сўнг замин сайқали Самарқандга фақатгина ана шу "дарвоза" орқали кириб келган экан. Бу жой қаттиқ қўриқланган ва стратегик аҳамиятга эга манзил бўлиб келган. Мазкур дарвозани Бобур ўзининг "Бобурнома" асарида тилга олган. Бу дара Жиззах довони сифатида ҳам танилган. Даранинг кунчиқар томони Моргузар, кунботарга қараган томони эса Нурота тоғ тизмаларининг бошланиш қисми ҳисобланади. Дара не-не жанг-у жадалларни кўрмаган дейсиз.
Кекса авлод вакилларининг ҳикоя қилишича Ғаллаорол тумани ҳудудидаги Кўкгумбаз қалъаси ёнидаги ҳар томонлама қулай бўлган ҳудуд Амир Темурнинг Шарқга қилган юришлари олдидан мунтазам равишда аскарлар машқи ўтказиладиган майдон бўлган. Буюк саркарда Кўкгумбаз чортоғидан туриб, аскарлар машқини кузатган, уларнинг ҳарбий маҳоратига баҳо берган. Кўпкари ўтказиб, чавандоз аскарларига совға саломлар улашган.
Академик Б.Аҳмедовнинг "Амир Темур" тарихий романида баён қилишича, 1365 йил баҳор ойларида Амир Темур Жиззах ва Зомин тоғли ҳудудларида бўлган. Бунга Жете (Мўғул) лашкарларининг яна Тошкентдан ўтиб, Самарқанд сари юра бошлагани сабаб бўлади. 1365 йил май ойининг бошида Амир Темур Амир Софи, Амир Темур хўжа, Амир Жоку, Амир Мурод, Аббос-Баҳодир ҳамда Амир Ҳусайн томонидан юборилган Пўлод Буға, Зинда Чашм, Малик Баҳодирлар бошлиқ қўшинлар билан Тошкент томон юради. Оқар мавзега етганларидан кейин, от уловни дам олдириб, бир неча кун 17 қисмдан иборат қўшинига Кўрпасой, Уволсой, Равот, Пешағор, Аччи қишлоқларидаги ўтлоқ, майсазорларда дам олишга имконият яратиб беради.
Амир Темур 1369-йилда Жете (Мўғул) қўшинларига қарши Тошкентга юриш қилганда, катта қўшин билан ҳозирги Бахмал туманининг Қорақишлоқ қўрғонида қишлаган. Соҳибқироннинг олд қўшинлари Сангзор қишлоғида, орқа қисми эса Ўсмат, Новқа, Мўғул қишлоқларида қишлаган. Бироқ мўғул лашкарбошилари ўртасидаги келишмовчиликлар сабабли улар Мўғулистонга қайтиб кетишга мажбур бўлган ва юриш тўхтатилган. Бу маълумотлар манбаларда қайд этилган.
Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг Жиззах воҳаси ва унинг халқига бўлган меҳри алоҳида эди. Шу боис, 1404-йилнинг август ойи охирларида у амир Шоҳмалик ҳамда набиралари Мирзо Улуғбек ва Иброҳим Султонлар билан бирга Жиззахнинг гўзал ва сокин масканларига ташриф буюриб, бир неча кун ов қилиб дам олган. Ривоятларга кўра, айнан шу овда Мирзо Улуғбекнинг кийикка ҳужум қилган йўлбарсни ўлдириш воқеаси юз берган экан.
Амир Темур Тошкентга бориш ва қайтиш пайтида қўшинларига Зоминнинг салқин қирларида дам бергани ҳақида кўплаб маълумотлар мавжуд. Ҳозирги кунда ҳам Иттифоқ қишлоғи этагидаги катта ва салобатли тепани одамлар "Қўшинтепа" деб аташади. Амир Темурнинг лашкарлари узоқ жанглардан олдин ва кейин ҳам ўша тепада тўхтаб ўтганлиги ҳақидаги ривоят маҳаллий аҳоли орасида ҳанузгача сақланиб қолган. Оғиздан оғизга ўтиб келган ривоятларнинг бирида Амир Темур жанглардан қайтаётиб, айнан Буюк ипак йўли устидаги қадимий Зомин қалъасининг Боботутдаги масжид ҳовлисида дам олгани ва намоз ўқигани ҳикоя қилинади.
Соҳибқирон Амир Темур мўғуллар босқини даврида вайрон бўлган Ўсмат, Новқа, Нушкент, Саъд ибн Абу Ваққос, Кўрпасой, Равот, Пешағор, Ўрда, Зомин қўрғонлари, Али Аҳмад, Калтепа, Худойсар карвонсаройларини қайта тикланишига бошчилик қилди. Хонимқўрғон, Қизилқўрғон, Бозорқўрғон қалъалари, Сайидмир, Халилулла, Парпи ота, Кўкгумбаз, Авлиё Бобоякка, Авлиё Қулписар мақбаралари, масжидлар ва хонақоҳлар обод этилди. Боғимозор, Сангзор, Кўрпасой, Уволсой, Пешағорда янги боғлар барпо қилинди.
Амир Темур ва Темурийлар даврида Жиззах воҳаси муҳим аҳамиятга эга бўлган манзил ҳисобланиб, бу ер қайтадан равнақ топган. Юқорида айтганимиздек, мўғуллар даврида вайрон бўлган манзиллар қайта тикланган. Янги иншоотлар бунёд этилган. Бугунги кунда Жиззахда Амир Темур ва Темурийларни эслатувчи тарихий марказ бунёд этилиши лозим. "Темур дарвоза"ни эса ҳақиқий маънода туристик манзилга айлантириш зарур.
Сарвар Абдувоитов
Ғаллаорол туманидаги 19-умумий ўрта таълим
мактабининг тарих фани ўқитувчиси