Тошкентда гастрономик кўчада Юлдуз Усмонова иштирокида байрам ўтади

Улашиш:

Тошкентдаги Бунёдкор гастрономик кўчасида 13–14 сентябрь кунлари катта гастрономик байрам ташкил этилади. Тадбирда машҳур хонанда Юлдуз Усмонова, Ғайбулла Турсунов, Озода Нурсаидова, Жаҳонгир Позилжонов ва “Ситора” гуруҳи иштирокида жонли концертлар бўлиб ўтади. Шунингдек, маҳаллий ва халқаро таомларнинг тақдимоти, пазандалик шоулари ва маҳорат дарслари меҳмонларга тақдим этилади.

Фестиваль дастури соат 16:00 дан 23:00 гача давом этади. Кўча бўйлаб болалар учун ўйин майдончалари, катталар учун интерактив зоналар, фотозоналар ва кўнгилочар майдонлар ташкил этилади. Бу нафақат оилалар, балки туристлар учун ҳам ўзгача таассурот қолдирадиган маданий-гастрономик тадбирга айланиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Бунёдкор гастрономик кўчаси 24/7 режимида ишлайди. 1,5 километр узунликдаги ҳудудда 90 дан ортиқ кафе, ресторан ва хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашган. У ерда овқатланиш, дам олиш ва пиёдалар учун қулайликлар яратилган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, байрам Бунёдкор кўчасини янада оммалаштириш ва Тошкентнинг гастрономик туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.