Ўзбекистонда нотариусда айрим ҳужжатларни талаб қилиш босқичма-босқич бекор қилинади.
Ҳукумат қарорига кўра, 2025 йил 1 декабрдан никоҳ шартномаларининг асли нотариус томонидан талаб этилмайди. Уларнинг нусхаси “Нотариус” ахборот тизимига мажбурий юкланади. Шу тариқа ҳужжат айланмаси рақамлаштирилиб, ортиқча қоғозбозликка чек қўйилади.
Шунингдек, нотариал ҳаракатлар жараёнида олинган аудио ва видеоёзувлар электрон қурилмаларда сақланиб, тўғридан-тўғри тизимга бириктирилади. Бу жараён шаффофликни таъминлайди ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиради.
2026 йил 1 январдан эса фуқаролар нотариусга шахсини тасдиқловчи ҳужжат аслини тақдим этмайди. Шахс идентификацияси электрон маълумотлар базаси орқали амалга оширилади, биометрик технологиялар (бармоқ изи ва Face-ID) эса қўшимча верификацияни таъминлайди.
2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулкка оид барча битимлар нотариус орқали электрон тизимда давлат рўйхатидан ўтказилади. Янгиланган маълумотлар автоматик равишда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар базаларига юборилади. Бу ўзгаришлар мулкка эгалик қилиш жараёнини осонлаштириб, коррупция эҳтимолини камайтиради.