Марказий банкда Финтех офиси очилади: Ўзбекистон минтақавий финтех марказига айланадими?

Улашиш:

Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳаси янги босқичга чиқмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган тақдимотда Марказий банкда Финтех офиси ташкил этилиши ва стартапларни қўллаб-қувватлайдиган инновацион хаб очилиши белгиланди.

Жаҳонда финтех бозори ҳажми бу йил 300 млрд долларга етди, 2030 йилга қадар эса 600 млрд доллардан ошиб кетиши кутилмоқда. Ўзбекистонда эса 2018 йилда бор-йўғи 24 та бўлган FinTech корхоналари сони бугунги кунда 103 тага етди. Фақат шу йилнинг ўзида маҳаллий компаниялар 260 млн доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб қилиб, ўтган йилга нисбатан 4 баробар ўсиш қайд этди.

Президентнинг тадбиркорлар билан мулоқоти давомида 1 мингта стартапни қўллаб-қувватлаш, “Open Banking” тизимини жорий қилиш, молиявий технологиялар бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқиш вазифаси қўйилганди. Энди эса бу режалар амалиётга жорий этилади.

Стратегия доирасида:

  • меъёрий-ҳуқуқий база таҳлили,

  • инфратузилма ва кадрлар салоҳияти баҳолаш,

  • халқаро тажрибани (хусусан Сингапур моделини) ўрганиш,

  • миллий тамойилларни шакллантириш режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, сунъий интеллект ва блокчейн технологиялари асосида молиявий хизматлар экотизимини яратишга эътибор қаратилмоқда. Таҳлилларга кўра, бу технологиялар банклар даромадини 20% га ошириши, хизмат ҳажмини 30% га кенгайтириши ва хавфларни 15% га камайтириши мумкин.

Марказий банк қошида очиладиган Финтех офиси ва яратиладиган инновацион хаб – стартаплар акселерацияси, янги ғоялар ва инвестициялар учун асосий драйвер бўлади. Бу чора-тадбирлар келгусида Ўзбекистоннинг минтақадаги финтех марказига айланишига замин яратади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.