АҚШ "Толибон" билан музокара ўтказди — нима учун айнан ҳозир?

Улашиш:

АҚШ расмийлари Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йилдан буён назорат қилиб келаётган "Толибон" ҳаракати вакиллари билан музокара ўтказди. Reuters агентлиги хабарига кўра, музокараларда асосий мақсад — америкалик гаровга олинганларни озод қилиш бўлган.

Учрашувда АҚШ томонидан президентнинг гаровдаги шахсларни озод қилиш бўйича махсус вакили Адам Бейлер ва Афғонистон бўйича собиқ махсус элчи Залмай Ҳалилзод иштирок этди. Афғонистондан эса мамлакат ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий музокарачи сифатида қатнашди.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, ҳар икки томон “айниқса, бир-бирининг давлатларида сақланаётган фуқаролар бўйича” музокараларни давом эттиришга келишган. АҚШ Давлат департаменти ва Оқ уй ҳозирча расмий изоҳ бермади.

Reuters манбаси маълумотига кўра, Вашингтон Толибоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажариш суръатидан норози. Бу ҳолат АҚШ назарида Афғонистондаги қимматбаҳо қазилмаларни қазиб олиш ва инвестиция келишувларини амалга ошириш истиқболларига таҳдид солади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Афғонистонга вақтинча сақланаётган ҳарбий вертолётларни қайтариши ҳақида хабарлар тарқалган, аммо Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотларни рад этганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.