22 сентябр куни Тошкент шаҳри ҳаво ифлосланиши бўйича дунёдаги йирик шаҳарлар орасида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда халқаро IQAir платформаси маълумот берди.
Расмий кўрсаткичларга кўра, маҳаллий вақт билан соат 19:52 да пойтахт ҳавосидаги PM2.5 туркумидаги зарарли заррачалар концентрацияси 99 мкг/м³ ни ташкил этган. Бу кўрсаткич Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан белгиланган хавфсиз меъёрдан қарийб 20 баравар юқори.
Фактчекинг таҳлилига кўра, мазкур рақамлар IQAirнинг реал вақтдаги мониторинги орқали қайд этилган бўлиб, бу платформа кўплаб давлатлар томонидан ҳаво сифати бўйича ишончли манба сифатида қўлланилади. Шунингдек, Тошкентдаги ҳаво сифатини кузатувчи маҳаллий датчиклар ҳам юқори ифлосланиш ҳолатини тасдиқлаган.
Мутахассислар бундай шароитда аҳолига эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилмоқда:
зарурат бўлмаса, кўчага чиқмаслик;
сурункали нафас йўллари касалликлари бўлган фуқаролар тиббий ниқобдан фойдаланиши;
уйга киргандан сўнг қўл ва юзни яхшилаб ювиш;
хоналарда чанг тўпланишига йўл қўймаслик, дераза ва эшикларни ёпиқ сақлаш;
хона тозалигини кунига бир неча марта нам латта билан таъминлаш.
Шу билан бирга, мутахассислар ҳаво сифати муаммосини бартараф этиш учун транспорт ҳаракатини чеклаш, саноат чиқиндилари назоратини кучайтириш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш зарурлигини таъкидламоқда.