Олимлар ҳаво ифлосланиши ва антибиотикларга чидамлилик кучайиши ўртасидаги боғлиқликни аниқлади

Улашиш:

Янги тадқиқот натижаларига кўра, ҳавонинг ифлосланиши организмнинг антибиотикларга чидамлилигини ошириши мумкин. Янги маълумотлар шуни кўрсатадики, ички ёнув двигателларининг ишлаши натижасида ҳосил бўлувчи ҳаводаги майда заррачалар миқдори ортиши билан антибиотикларга чидамлилик даражаси ҳам ортади.

Антибиотикларга чидамлилик пайдо бўлишининг асосий сабаби ҳали ҳам дорилардан нотўғри фойдаланиш бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, сўнгги маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, муаммо ҳаво ифлосланиши билан янада кучайиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таъкидлашича, антибиотикларга чидамлилик аҳоли саломатлигига таҳдид солувчи 10 та асосий глобал хавфдан биридир.

Тадқиқотчилар йигирма йил давомида юздан ортиқ мамлакатдан йиғилган маълумотлардан фойдаланган. Уларнинг тадқиқот иши натижаси Lancet Planetary Health журналида чоп этилган.

Йигирма йил давомида юздан ортиқ мамлакатлардан олинган маълумотларга асосланган таҳлил ҳаво ифлосланишининг ошиши барча мамлакатлар ва қитъаларда антибиотикларга чидамлиликнинг ошиши билан боғлиқликка эгалигини кўрсатган.

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, бу боғлиқлик «антибиотикларга чидамли бактерияларнинг кўпчилиги учун бутун дунё бўйлаб бир хил» бўлган.

Тадқиқот шуни кўрсатганки, двигателларда ёнилғининг ёниши натижасида ҳосил бўлувчи, ўпка ва қонга кириши мумкин бўлган майда заррачалар (PM2.5) сони ҳавода кўпайиши билан баравар организмда антибиотикларга чидамлилик ортади.

«Вақт ўтиши билан бу алоқа мустаҳкамланди ва PM2.5 даражасидаги ўзгаришлар сўнгги йилларда чидамлиликнинг янада сезиларли ўсишига олиб келди», дейди тадқиқотчилар. Айниқса, Шимолий Африка, яқин Шарқ ва Жанубий Осиёда ҳаво таркибидаги заррачалар ва антибиотикларга чидамлиликнинг юқори даражаси аниқланган.

Тадқиқотчилар айтишича, қўлга киритилган натижалар экология нуқтайи назаридан чидамлиликка қарши курашишнинг янги йўлларини очиб беради.

«Антибиотикларга чидамлилик ва ҳаво ифлосланиши ўз-ўзидан дунё аҳолиси саломатлигига энг жиддий таҳдидлардан биридир», дейди тадқиқот муаллифларидан бири, Чжэцзян университети профессори Хон Чен.

«Шу пайтга қадар биз бу икки омил ўртасидаги эҳтимолий ўзаро боғлиқлик ҳақида аниқ тасаввурга эга эмас эдик, аммо бизнинг ишимиз шуни кўрсатадики, ҳаво ифлосланишини назорат қилиш икки томонлама фойда келтириши мумкин: бу нафақат паст сифатли ҳавонинг зарарли оқибатларини камайтиради, балки чидамли бактериялар кўпайиши ва тарқалишига қарши курашда ҳам муҳим рол ўйнайди», дейди олим.

Антибиотиклар ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиниши – ҳали ҳам бактериялар қаршилигини оширишнинг асосий сабабидир

Антибиотикларга чидамлилик дунё аҳолиси саломатлиги учун энг тез ўсиб бораётган таҳдидлардан бири ҳисобланади. Lancet’нинг алоҳида тадқиқоти натижаларига кўра, 2019 йилда бактерияларнинг микробларга қарши препаратларга чидамлилиги туфайли тахминан 1,27 миллион киши вафот этган.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, агар вазият тубдан ўзгармаса, 2050 йилга бориб 10 миллионгача одам супербактериялар ва уларга боғлиқ бўлган микробларга қарши препаратларга чидамлилик шаклларидан ҳалок бўлиши мумкин, бу бутун дунё бўйлаб саратон касаллигининг ҳар йилги ўлим даражаси билан тенг.

Тадқиқот муаллифлари мақсади ҳаво ифлосланиши ва антибиотикларга чидамлиликнинг бир-бири билан боғлиқлиги сабабларини аниқлаш эмасди, уларнинг мақсади фақатгина ушбу боғлиқликнинг ўзини аниқлаш эди. Улар баъзи мамлакатлардан маълумотлар йўқлиги таҳлилнинг умумий натижасига таъсир қилган бўлиши мумкинлигини тан олади.

Олимлар фикрига кўра, PM2.5 заррачалари ўз чидамлилик генларида антибиотикларга чидамли бактерияларни олиб юриши мумкин, бу заррачалар атроф-муҳитда кўчиб юриш ва нафас олаётганда бевосита ўпкага киришга қодир.

Ҳозирги вақтга қадар PM2.5 зарралари билан ифлосланган ҳаво глобал миқёсда антибиотикларга чидамлиликка қанчалик таъсир қилиши ҳақида чекланган маълумотлар мавжуд эди.

PM2.5 белгиси ўлчами инсон сочи қалинлигидан 30 баравар кичик бўлган микрозаррачаларни англатади. PM2.5 нинг асосий манбалари — бу автомобил транспорти, саноат ишлаб чиқариши жараёнлари, кундалик ҳаётда кўмир ва ёғочни ёқишдир.

PM2.5 глобал антибиотикка чидамлиликнинг асосий омили экани ёки йўқлигини ўрганиш учун муаллифлар 2000-2018 йиллар оралиғида 116 мамлакатдан олинган статистик маълумотларга асосланган катта ҳажмдаги маълумотларни тўплади.

Манба сифатида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Европа атроф-муҳит агентлиги ва Жаҳон банки маълумотларидан фойдаланилган.

Олинган маълумотлар шуни кўрсатадики, антибиотикларга чидамлилик PM2.5 даражаси ошиши билан ортади: ҳаво ифлосланишининг ҳар 10 фоиз ўсишига антибиотикларга чидамлиликнинг 1,1 фоиз ўсиши тўғри келади.

Бу боғлиқлик вақт ўтиши билан кучайиб боради, хусусан, сўнгги йиллардаги PM2.5 даражасидаги ўзгаришлар чидамлиликнинг сезиларли даражада ўсишига олиб келади.

«Келажакдаги тадқиқотлар ҳаво ифлосланишининг антибиотикларга чидамлиликка таъсирининг асосий механизмини ўрганишга йўналтирилиши керак», дейди муаллифлар.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.