Хитойлик олимлар коронавируснинг келиб чиқишини ўрганди

Улашиш:

Фото: Getty Images
Хитойлик олимлар SARS-CoV-2 вирусининг сунъий келиб чиқишини эҳтимолдан йироқ деб билади. Бу ҳақда Science China Life Sciences журналида чоп этилган янги тадқиқот натижаларига таяниб, «РБК» хабар берди.

Тадқиқотга мамлакатдаги университетлар ва касалхоналарда ишлайдиган 20 дан ортиқ олимлар жалб қилинган. Уларнинг хулосасига кўра, пандемияни келтириб чиқарган коронавирус инсоният популяциясига тезда мослаша олди. Шу билан бирга, мослашувчанлик қобилияти эволюцияси табиий танланиш билан боғлиқ босқичма-босқич давом этадиган кўп босқичли жараёндир.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, «вақт ўтиши билан кўплаб тасодифий мутациялар» натижасида атроф муҳитга мукаммал мослашган вирус табиий танланишнинг маҳсули бўлиши керак.

Март ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) COVID-19 келиб чиқишининг тўртта эҳтимолий версиясини тақдим этганди. Ташкилот коронавирусни кўршапалаклардан воситачи ҳайвон орқали одамларга юқиш эҳтимоли юқори деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, ЖССТ вируснинг Ухань шаҳридаги лабораториядан тарқалиши эҳтимолини «жуда кам» деб баҳолаган.
COVID-19’нинг сунъий келиб чиқиши версияси АҚШда бир неча бор илгари сурилган. Хусусан, собиқ президент Дональд Трамп разведка хизматларида вирус Ухандаги лабораториядан сизиб чиққани тўғрисида етарли далиллар мавжудлигини таъкидлаган. Бироқ махсус хизматлар бунга бевосита далиллари йўқлигини билдирган.

Май ва июнь ойларида эса Америка оммавий ахборот воситаларида коронавирус Ухань шаҳридаги лабораторияда яратилганидан далолат берувчи белгилар ҳақида материаллар пайдо бўла бошлади.

Шунингдек, британиялик ва норвегиялик олимлар Ангус Далглиш ва Биргер Сёренсен COVID-19 одамлар томонидан яратилганига оид далиллар борлигини айтди. Уларнинг фикрига кўра, COVID-19 лабораторияда яратилган, шундан сўнг хитойлик олимлар «изларни яшириш учун» вируснинг кўршапалаклардан келиб чиққани тўғрисидаги версияни илгари сурган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.