Masdar компанияси Қашқадарёда 300 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси қуради

Улашиш:

Халқаро молия ташкилотлари ва қатор давлатлар ҳукуматлари кўмагида Қашқадарё вилоятида 300 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ва 75 МВт/соат қувватли энергия сақлаш тизими қурилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди. 

Лойиҳани молиялаштириш бўйича келишув Абу-Даби шаҳрида ўтказилган Abu Dhabi Sustainability Week 2026 халқаро ҳафталиги доирасида имзоланган. Ҳафталик барқарор ривожланиш, энергетикадаги ҳамкорлик, инвестицияларни жалб қилиш масалаларига бағишлаб ҳамда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида амалга оширилаётган лойиҳалар муҳокамасига бағишланган.

«Лойиҳа ишга туширилгандан сўнг атмосферага йилига 280 минг тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади, 231 млн куб метр табиий газ тежалади, шунингдек, 280 мингтага яқин хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Лойиҳани БААнинг «Masdar» компанияси ДХШ асосида амалга оширади.

Компания Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида амалга ошираётган лойиҳаларининг умумий қуввати тахминан 2 ГВтни ташкил этиб, жалб этилган инвестициялар ҳажми 2 млрд доллардан ошган.

Лойиҳани молиялаштиришга халқаро молия институтлари, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) маблағлари жалб этилади. Шунингдек, молиялаштириш пакетидан Канада ва Финляндия ҳукуматлари маблағлари, Япония билан ҳамкорлик жамғармаси доирасидаги ресурслар ҳамда банк инструментлари ҳам ўрин олган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.