Жиззах вилояти бўйлаб кўчмас мулк объектлари ва ер участкаларини хатловдан ўтказиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Айтиш керакки, хатлов ҳудудлардаги мавжуд объектлар тўғрисидаги маълумотларни нафақат аниқлаштиради, балки, кадастр маълумотлар базасини янада такомиллаштириб, мулк ҳуқуқларини қонуний расмийлаштиришга хизмат ҳам қилади.
Бугунги кунда Давлат кадастрлари палатаси Жиззах шаҳар филиали мутахассислари томонидан шаҳар ҳудудидаги маҳаллаларда уйма-уй юрилиб, турар жойлар, нотурар объектлар ва ер участкалари бўйича хатлов ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, жараёнда аҳолига кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришнинг аҳамияти, мулк ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-тамойиллари ҳақида тушунтиришлар берилмоқда. Бу эса аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва кўчмас мулк билан боғлиқ масалаларни қонуний асосда ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Айни вақтда Жиззах шаҳри ҳудудидаги 17 та маҳаллада хатлов ишлари амалга оширилган бўлса, жорий йил якунига қадар яна 4 та МФЙда кўчмас мулкларни инвентаризациядан ўтказиб якунлаш режалаштирилган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда режа-жадвалга асосан 33 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг чегаралари UZKAD тизимида шакллантирилди ва ушбу маҳаллаларда 17 та инвентаризация ҳудуди яратилди. Шундан инвентаризация ҳудудидаги 10 444 та кўчмас мулк объектлари бўйича хатлов қилиш ишлари бажарилди.
Давлат кадастрлари палатаси Жиззах шаҳар филиали раҳбари Сардор Эргашевнинг айтишича, жорий йилнинг 16 июнь ҳолатига жами хатловдан ўтказилган объектлар сони – 10 444 та тани ташкил этади. UZKAD тизимига ўтказилган объектлар – 8 968 та. Шундан, турар жой объектлари – 8855 та, нотурар жой объектлари – 113 та, “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизимига ўтганлар – 2377 та, муҳокамада эса – 1728 та.
Кадастр органлари томонидан олиб борилаётган бундай тизимли ишлар ер ва кўчмас мулк соҳасида қонунийлик, аниқлик ва шаффофликни таъминлашга, энг муҳими, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.