Ўзбекистон 2026 йил 19 октябрда Самарқандда Ой, Марс ва бошқа самовий жисмларни тинч мақсадларда тадқиқ этиш тамойилларини белгиловчи «Артемида» келишувларига қўшилди. Мамлакат ушбу ташаббуснинг 77-иштирокчисига айланди. Бироқ келишувлар халқаро космик ҳамкорликни кенгайтириш билан бирга, Ой ресурсларидан фойдаланиш ва давлатлар ўртасидаги тенглик масаласида баҳсларга ҳам сабаб бўлмоқда.
Ҳужжатни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов АҚШ давлат котиби Марко Рубио иштирокидаги маросимда имзолади. Ўзбекистон расмийларига кўра, келишув NASA ва бошқа давлатларнинг космик агентликлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, мутахассислар тайёрлаш ва технологиялар алмашинуви учун янги имкониятлар яратади.
АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси — NASA 20 октябрда эълон қилган баёнотида Ўзбекистоннинг қўшилишини тасдиқлади. Агентлик раҳбарияти мамлакатни келгусидаги халқаро космик тадқиқотларга жалб қилиш имкониятларини тилга олди.
Бироқ келишувларга имзо қўйиш Ўзбекистоннинг NASA космик миссияларида бевосита иштирок этишини ёки Ойда ресурс қазиб олиш ҳуқуқини автоматик равишда қўлга киритишини англатмайди. Бундай ҳамкорлик учун алоҳида лойиҳалар, техник келишувлар ва молиявий шартлар талаб этилади.
«Артемида» келишувлари қандай пайдо бўлган?
Космосдан фойдаланишнинг халқаро ҳуқуқий асослари 1950-йилларнинг охиридан шакллана бошлаган. 1959 йилда БМТнинг Космик фазодан тинч мақсадларда фойдаланиш қўмитаси — COPUOS ташкил этилди. 1967 йилда эса Коинот тўғрисидаги шартнома кучга кирди.
Ушбу шартноманинг асосий қоидаларига кўра, коинот, жумладан, Ой ва бошқа самовий жисмлар барча давлатлар томонидан тадқиқ этилиши учун очиқ. Ҳеч бир мамлакат уларнинг бирор қисмини ўз суверен ҳудуди деб эълон қилиши мумкин эмас.
БМТнинг Коинот тўғрисидаги шартномаси космик фаолиятда халқаро ҳуқуққа риоя этиш, тинчликни сақлаш ва зарарли ифлосланишнинг олдини олиш мажбуриятларини ҳам белгилайди.
Орадан ярим аср ўтгач, АҚШ Ойни тадқиқ этишнинг янги дастурини ишлаб чиқишга киришди. 2017 йил декабрида президент Дональд Трамп Америка космик дастурининг устувор йўналишларини ўзгартириш тўғрисидаги директивани имзолади. 2019 йилда дастур «Артемида» деб номланди.
Ном қадимги юнон мифологиясидан олинган. Артемида 1960-йиллардаги АҚШ Ой дастурига номи берилган Аполлоннинг эгизак синглиси ҳисобланади.
NASA янги дастурни хорижий ҳамкорлар ва хусусий компаниялар иштирокида амалга оширишни режалаштирди. Агентликнинг ўша пайтдаги раҳбари Жим Брайденстайн 2019 йилда бу ёндашувни қуйидагича изоҳлаган:
«Бошқа кўплаб давлатлар ҳам Ойга қизиқиш билдирмоқда, шунинг учун бу сафар биз ёлғиз бормаймиз».
2020 йил 13 октябрда АҚШ ва яна етти давлат «Артемида» келишувларини дастлабки иштирокчилар сифатида имзолади. Кейинчалик унга Осиё, Европа, Африка ва Американинг бошқа давлатлари ҳам қўшилди.
Келишувлар халқаро шартнома ҳисобланадими?
«Артемида» келишувларининг асосий хусусияти — улар юридик жиҳатдан мажбурий халқаро шартнома эмаслигидир. Ҳужжат иштирокчиларнинг умумий тамойилларга амал қилиш бўйича сиёсий мажбуриятини ифодалайди.
NASA эълон қилган расмий матн 13 бўлимдан иборат бўлиб, уларнинг 10 тасида космик фаолиятга оид амалий тамойиллар белгиланган. Келишувларнинг асосий мақсади мавжуд халқаро ҳуқуқ қоидаларини космик миссияларда қўллаш тартибини мувофиқлаштиришдир.
Ҳужжатда тамойиллар бузилган ҳолларда мажбурий суд ёки арбитраж орқали низоларни ҳал қилишнинг махсус механизми назарда тутилмаган. Давлатларнинг аниқ космик лойиҳаларда иштирок этиши эса алоҳида битимлар билан тартибга солинади.
Келишув муаллифларидан бири, NASAнинг собиқ масъул ходими Майк Голдга кўра, юридик жиҳатдан мажбурий бўлмаган формат атайлаб танланган. Бу давлатларга узоқ ратификация жараёнларисиз умумий тамойилларга қўшилиш имконини беради.
Келишувлар нималарни назарда тутади?
«Артемида» доирасида Ой, Марс, кометалар ва астероидларни тадқиқ этишга оид 10 та асосий тамойил белгиланган.
Улар қуйидаги йўналишларни қамраб олади:
Тинч мақсадларда фойдаланиш. Космик ҳамкорлик халқаро ҳуқуққа мувофиқ тинч мақсадларда амалга оширилиши керак.
Шаффофлик. Давлатлар космик сиёсат ва тадқиқот режалари ҳақида очиқ маълумот беради.
Техник мувофиқлик. Турли мамлакатлар ускуналарининг биргаликда ишлашини таъминлайдиган стандартлар қўлланади.
Фавқулодда ёрдам. Хавфга дуч келган космонавтларга зарур ёрдам кўрсатилиши назарда тутилади.
Космик объектларни рўйхатдан ўтказиш. Учирилган аппаратлар халқаро қоидаларга мувофиқ ҳисобга олинади.
Илмий маълумотлар очиқлиги. Тадқиқот натижаларини жамоатчилик ва илмий ҳамжамият билан бўлишиш кўзда тутилади.
Космик меросни сақлаш. Жумладан, «Аполлон» миссиялари қўнган жойлар ва бошқа аҳамиятли объектларни муҳофаза қилиш назарда тутилади.
Космик ресурслардан фойдаланиш. Ресурсларни қазиб олиш ва ишлатиш халқаро ҳуқуққа мувофиқ бўлиши керак.
Фаолиятни мувофиқлаштириш. Турли миссияларнинг бир-бирига зарарли халақит беришининг олдини олиш, жумладан, вақтинчалик хавфсизлик зоналари орқали таъминланади.
Космик чиқиндиларни камайтириш. Аппаратларнинг хизмат муддати тугагач, уларни хавфсиз тарзда фойдаланишдан чиқариш режалаштирилади.
Тамойилларнинг аксарияти аввалдан мавжуд халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосланади. Бироқ ресурслардан фойдаланиш ва хавфсизлик зоналарига оид қоидалар ҳуқуқшунослар ўртасида турлича талқин қилинмоқда.
Ойдаги ресурслар кимга тегишли бўлади?
Келишувлар атрофидаги баҳсларнинг асосий йўналишларидан бири Ой ва бошқа самовий жисмлардаги табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқидир.
1967 йилги Коинот тўғрисидаги шартнома давлатларга Ой ҳудудини ўзлаштириб олишни тақиқлайди. Бироқ унда қазиб олинган сув, минераллар ва бошқа ресурсларга мулк ҳуқуқини амалий жиҳатдан қандай тартибга солиш масаласи батафсил белгиланмаган.
АҚШ бу масала бўйича ўз ҳуқуқий ёндашувини шакллантирган. 2015 йил 25 ноябрда қабул қилинган қонун АҚШ фуқаролари ва компанияларига қонунчилик ҳамда мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ қўлга киритилган космик ресурсларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва сотиш ҳуқуқини берди.
2020 йил 6 апрелда Дональд Трамп космик ресурсларни қазиб олиш ва улардан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш ҳақида фармон имзолади. Ҳужжатда АҚШ космосга «умуминсоний мулк» сифатида қарамаслиги қайд этилган ва халқаро ҳамкорлар билан тегишли келишувларга эришиш вазифаси қўйилган.
Ушбу ёндашув кейинчалик «Артемида» келишувларида ҳам акс этди. Ҳужжатга кўра, космик ресурсларни қазиб олишнинг ўзи самовий жисм ҳудудини давлат томонидан ўзлаштириш деб ҳисобланмаслиги мумкин, аммо бундай фаолият Коинот тўғрисидаги шартномага мувофиқ бўлиши шарт.
Бу ерда ҳуқуқий баҳс ҳудудга эгалик қилиш билан ундан олинган ресурсга эгалик қилиш ўртасидаги фарққа бориб тақалади. Биринчи ҳолат халқаро шартнома билан тақиқланган бўлса, иккинчисининг аниқ чегаралари юзасидан умумий талқин ҳали шаклланмаган.
Хавфсизлик зоналари нима учун баҳсли?
«Артемида» келишувлари Ойда ёки бошқа самовий жисмларда фаолият олиб бораётган иштирокчиларга вақтинчалик хавфсизлик зоналарини белгилаш имконини назарда тутади.
Бундай зоналарнинг мақсади космик аппаратлар, илмий ускуналар ва тадқиқотчилар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, турли миссияларнинг бир-бирига халақит беришининг олдини олишдир.
NASA талқинига кўра, зоналар доимий эмас. Уларнинг кўлами фаолият хусусиятига боғлиқ бўлиши, миссия тугагач эса зона ҳам тугатилиши керак. Шу билан бирга, барча давлатларнинг самовий жисмлар ҳудудига эркин кириш ҳуқуқи сақланиши лозим.
Танқидчилар эса хавфсизлик зоналари амалда ресурсларга бой ҳудудларга биринчи бўлиб етиб келган иштирокчиларга устунлик бериши мумкинлигини таъкидлайди. Айниқса, техник ва молиявий имкониятлари чекланган мамлакатларнинг келгусидаги иштирок шартлари баҳс мавзуси бўлиб қолмоқда.
АҚШ ташаббусига Хитой ва Россия қандай муносабатда?
2026 йил 19 октябрь ҳолатига кўра, «Артемида» келишувларини 77 давлат имзолаган. Бироқ Хитой ва Россия улар қаторига кирмайди.
Россия ташаббусни дастлабки босқичдаёқ танқид қилган. 2020 йил майида «Роскосмос»нинг ўша пайтдаги раҳбари Дмитрий Рогозин АҚШнинг Ой ресурсларидан фойдаланиш режаларини халқаро ҳамкорликнинг чекланган доирада ташкил этилиши билан боғлаб баҳолаган.
«Хоҳ у Ой бўлсин, хоҳ Ироқ — босқинчилик тамойили бир хил: аввал „рози бўлганлар коалицияси“ тузилади […]», — деб ёзган эди Рогозин.
Хитойнинг NASA билан икки томонлама ҳамкорлиги АҚШда 2011 йилдан амал қилиб келаётган «Вулф тузатиши» билан чекланган. Ушбу қоидалар NASA маблағларини Хитой билан айрим ҳамкорлик шаклларига сарфлашга чеклов қўяди.
Хитой ва Россия эса Халқаро илмий ой станцияси — ILRS лойиҳасини ривожлантирмоқда. Мамлакатлар 2021 йил март ойида ушбу станция бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолаган.
Лойиҳа Хитойнинг «Чанъэ-7» ва «Чанъэ-8» миссиялари билан ҳам боғлиқ. Хитой миллий космик бошқармаси маълумотига кўра, 2025 йил апрелига келиб ташаббусга 17 та давлат ва халқаро ташкилот, шунингдек, 50 дан ортиқ илмий муассаса қўшилган.
Бироқ иккала ташаббус ўзаро мутлақ истисно қилувчи тизим эмас. Масалан, Таиланд 2024 йил декабрида «Артемида» келишувларига имзо қўйган, ундан саккиз ой олдин эса Хитой билан ILRS бўйича ҳамкорлик меморандумини расмийлаштирган.
Сенегал 2025 йил июлида, Сербия эса 2026 йил июлида «Артемида»га қўшилди. Ушбу уч давлат Хитой ташаббуси билан ҳам ҳамкорлик қилгани космик лойиҳаларда иштирок этиш ҳар доим ягона геосиёсий йўналишни танлашни англатмаслигини кўрсатади.
Экспертлар нима дейди?
Россана Деплано: қоидалар амалиёт билан бирга шаклланмоқда
Лестер университетининг халқаро космик ҳуқуқ бўйича профессори Россана Деплано 2021 йилда эълон қилган тадқиқотида «Артемида» келишувларини халқаро космик ҳуқуқни ривожлантиришнинг босқичма-босқич усули сифатида таҳлил қилади.
Унинг фикрича, давлатлар ҳали тўлиқ шаклланмаган космик фаолият турлари учун олдиндан батафсил қонун-қоидалар яратиш ўрнига, меъёрларни амалий миссиялар давомида ривожлантиришга интилмоқда.
Бироқ Деплано бундай ёндашув баҳсларни ҳал қилиш механизмининг етишмаслиги ва технологик жиҳатдан илгарилаб кетган давлатларга устунлик бериши мумкинлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳам кўрсатади.
Бу таҳлил космик ҳуқуқнинг шаклланиши фақат давлатлараро музокаралар натижасига эмас, балки миссияларни биринчи бўлиб амалга оширадиган мамлакатлар тажрибасига ҳам боғлиқ бўлиши мумкинлигини англатади.
Элсбет Магилтон: мажбурий бўлмаган келишувлар мулоқотни енгиллаштиради
Небраска университетининг космик ҳуқуқ бўйича мутахассиси Элсбет Магилтон 2024 йилдаги илмий мақоласида келишувларнинг юридик жиҳатдан мажбурий эмаслигини уларнинг амалий афзалликларидан бири сифатида кўрсатади.
Унинг баҳосича, бундай ҳужжатлар давлатларни бир стол атрофида тўплашни осонлаштиради. Мунтазам мулоқот эса космик фаолиятни олдиндан режалаштириш, ўзаро ишонч ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш имкониятларини кенгайтиради.
Магилтон танқидларни ҳам ижобий омил деб ҳисоблайди, чунки баҳслар давлатларни умумий қоидалар устида мулоқотни давом эттиришга ундайди.
Ушбу ёндашувга кўра, келишувларнинг таъсири фақат ҳуқуқий мажбуриятларда эмас, балки иштирокчилар ўртасида барқарор мулоқот механизмининг шаклланишида ҳам намоён бўлади.
Мишель Ҳэнлон: биринчи бўлиб етиб келганлар устунликка эга бўлиши мумкин
Миссисипи университетининг Ҳаво ва коинот ҳуқуқи маркази ижрочи директори Мишель Ҳэнлон келишувларни қўллаб-қувватласа-да, айрим тушунчалар етарлича аниқ белгиланмаганини таъкидлайди.
2023 йилда АҚШ Конгрессида билдирган фикрига кўра, бошқа иштирокчилар манфаатларини муносиб ҳисобга олиш тамойили амалда муайян ҳудудга биринчи бўлиб етиб келганларга устунлик бериши мумкин.
«Манфаатларни муносиб ҳисобга олиш концепцияси шуни англатадики, агар кимдир бирор ҳудудни эгаллаб улгурган бўлса, қолганлар аралашишдан сақланиши керак. Бу эса ўз ҳозирлигини шунчаки биринчи бўлиб белгилаб олганларга улкан устунлик беради. Ва шу тариқа пойга бошланади».
Ҳэнлоннинг огоҳлантиришича, хавфсизлик зоналарининг аниқ чегаралари белгиланмаса, ресурсларга бой ҳудудларда иш бошлаган иштирокчилар бошқа миссияларнинг яқинлашишини чеклашга уриниши мумкин.
Бу ҳолат космик фаолиятда хавфсизликни таъминлаш талаби билан барча мамлакатлар учун тенг имконият яратиш тамойили ўртасидаги зиддиятни кўрсатади.
Штефан Ҳобе: АҚШ халқаро шартномани ўзича талқин қилмоқда
Кёльн университетининг Ҳаво, коинот ва киберҳуқуқ институти директори Штефан Ҳобе «Артемида» келишувларига танқидий ёндашади.
У Scientific American нашрига билдирган фикрида шундай дейди:
«„Артемида“ келишувлари америкаликларнинг Коинот тўғрисидаги шартномадан чекинишини ортиқча шов-шувсиз қонунийлаштиришга бўлган уринишини ифодалайди».
Ҳобе хавфсизлик зоналари амалда ҳудудларни назорат қилиш воситасига айланиши мумкинлигини таъкидлайди. Унинг яна бир эътирози шундаки, келишувлар дастлаб БМТ доирасида кенг кўламли музокаралар орқали эмас, АҚШ ташаббуси асосида ишлаб чиқилган.
Бу позиция космик ҳуқуқ қоидаларини ким ишлаб чиқиши ва уларнинг халқаро миқёсда қай даражада қонуний деб қабул қилиниши масаласига эътибор қаратади.
Франс фон дер Дунк: масала кўпроқ сиёсий
Небраска-Линкольн университетининг космик ҳуқуқ бўйича профессори Франс фон дер Дунк келишувларга юридикдан кўра сиёсий восита сифатида қарайди.
Унинг баҳосича, АҚШ ўзининг космик ресурслардан фойдаланишга оид ҳуқуқий талқини атрофида имкон қадар кўпроқ мамлакатни бирлаштиришга интилмоқда.
Бу ёндашувга кўра, иштирокчилар сонининг ортиши космосдаги фаолият қоидалари юзасидан АҚШ позициясини халқаро амалиётда мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин. Бироқ кўплаб давлатларнинг сиёсий келишувга қўшилиши ушбу талқин халқаро ҳуқуқда барча томонлар учун мажбурий қоидага айланганини англатмайди.
Фабио Тронкетти: космик ҳуқуқ парчаланиши мумкин
Нортумбрия университетининг космик ҳуқуқ бўйича мутахассиси Фабио Тронкетти алоҳида давлатлар гуруҳлари томонидан ишлаб чиқилаётган сиёсий келишувлар халқаро космик ҳуқуқнинг ягона тизимига таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлайди.
Унинг таҳлилига кўра, 1979 йилдан буён БМТнинг COPUOS қўмитаси доирасида янги мажбурий космик шартнома бўйича келишувга эришилмаган. Шу шароитда давлатлар айрим масалаларни чекланган иштирокчилар доирасида тартибга солишга ўтмоқда.
Тронкетти тадқиқотида бу жараён умумий космик фаолиятга турлича қоидалар қўлланиши ва БМТнинг мувофиқлаштирувчи роли заифлашиши хавфини келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатади.
Бундай ҳолатда космик тадқиқотларда янги иштирок этаётган давлатлар турли халқаро ташаббуслар талабларини бир вақтнинг ўзида ҳисобга олишига тўғри келади.
Нега бу муҳим?
Ўзбекистон учун таъсири
Ўзбекистоннинг «Артемида» келишувларига қўшилиши мамлакатнинг космик технологиялар соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги кенгаяётган даврга тўғри келди.
NASA маълумотига кўра, 2026 йил октябрь ойи бошида Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтган Халқаро астронавтика конгресси доирасида агентлик вакиллари Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда «Ўзбеккосмос» агентлиги масъуллари билан учрашган. Музокараларда фуқаролик космик фаолияти бўйича ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинган.
Ўзбекистон 2028 йилда «Мирзо Улуғбек» номли 6U форматдаги биринчи миллий илмий сунъий йўлдошини учиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, мамлакатнинг биринчи космонавтини тайёрлаш ва 10–14 кунлик илмий парвозини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
Бундай лойиҳаларнинг амалга ошиши халқаро ҳамкорлар, техник тайёргарлик, молиялаштириш ва космик инфратузилма имкониятларига боғлиқ. «Артемида»га қўшилиш эса ушбу вазифалар бўйича ҳамкорлик қилиш учун қўшимча дипломатик ва институционал майдон яратади.
Минтақа ва иқтисодиёт учун таъсири
Ўзбекистон космик технологиялардан қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, табиий бойликлар ва экологик ўзгаришларни кузатишда фойдаланиш йўналишларини ривожлантирмоқда.
2026 йил 5 августда Хитойнинг STAR.VISION компанияси билан ҳамкорликда «Samarkand-2028» гиперспектрал сунъий йўлдоши орбитага чиқарилди. «Ўзбеккосмос» маълумотига кўра, аппарат Хитой компанияси томонидан ишлаб чиқилган, унга ўзбекистонлик муҳандислар яратган сунъий интеллект модули ўрнатилган.
Бу аппарат Ўзбекистоннинг биринчи миллий сунъий йўлдоши эмас. Аммо лойиҳа космик маълумотларни қайта ишлаш технологияларида Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг амалий намунасидир.
Бундай технологиялар Марказий Осиёда сув танқислиги, ер ресурсларидан фойдаланиш, музликлар ҳолати ва экологик мониторинг билан боғлиқ тадқиқотларда қўлланиши мумкин.
Иқтисодий натижалар эса алоҳида лойиҳалар ва уларнинг молиялаштирилишига боғлиқ. Ҳозирча «Артемида»га қўшилиш натижасида Ўзбекистонга қанча инвестиция жалб қилиниши ёки қандай тижорий шартномалар тузилиши ҳақида тасдиқланган аниқ рақамлар эълон қилинмаган.
Халқаро муносабатлар ва геосиёсий таъсир
Ўзбекистоннинг «Артемида» келишувларига қўшилиши АҚШ билан ҳамкорликни космик технологиялар соҳасига ҳам кенгайтирмоқда.
Бироқ мамлакатнинг Хитой билан «Samarkand-2028» лойиҳасини амалга оширгани космик ҳамкорлик фақат бир давлат ёки ташаббус доирасида олиб борилмаётганини кўрсатади.
Халқаро миқёсда эса АҚШ раҳбарлигидаги «Артемида» ташаббуси ва Хитой ҳамда Россия иштирокида ривожланаётган ILRS лойиҳаси Ой тадқиқотлари учун икки алоҳида ҳамкорлик йўналишини шакллантирмоқда.
Уларнинг келгусида қандай муносабат ўрнатиши, ресурслардан фойдаланиш ва хавфсизлик зоналари бўйича қоидаларнинг бир-бирига қанчалик мос келиши космик ҳуқуқ муҳокамаларининг асосий мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда.
Кейинги босқичда нималар кутилмоқда?
Ўзбекистон 2028 йилда Самарқандда Халқаро астронавтика конгресси — IACнинг навбатдаги йиғилишини ўтказиши режалаштирилган. Унда космик агентликлар, илмий муассасалар ва технологик компаниялар иштирок этиши кутилмоқда.
Шу йилга қадар «Мирзо Улуғбек» илмий сунъий йўлдошини учириш, миллий муҳандислар жамоасини тайёрлаш ва космонавт парвози учун зарур ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
NASA эса «Артемида» иштирокчилари билан илмий юкламалар, кичик сунъий йўлдошлар ва технологик синовлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ниятини билдирган.