Жиззахда бизнес хатлови: 47 мингта маълумотда хато аниқланган

Хато ҳақида хабар Чоп этиш

Вилоятда рўйхатга олиниши керак бўлган иқтисодий субъектларнинг 60,9 фоизигина хатловдан ўтган. Қамраб олинган маълумотларнинг ҳар тўрттасидан бири эса хатолик билан киритилган. Ҳокимлик белгиланган муддатни 25 ноябрь деб белгилаган эди.

Давлат иқтисодиётда қанча тадбиркор борлигини, улар қаерда жойлашгани ва қандай фаолият билан шуғулланаётганини аниқ билмоқчи. Бунинг учун мамлакатда илк бор «Бизнесни рўйхатга олиш» тадбири ўтказилмоқда.

Аммо Жиззах вилоятидаги дастлабки натижалар бу иш фақат тадбиркорларни рўйхатга киритиш билан битмаслигини кўрсатди. Маълумотлар тўлиқ ва тўғри бўлиши ҳам керак.

13 ноябрь куни вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда хатлов жараёнидаги камчиликлар танқидий муҳокама қилинган. Ўша пайтда вилоятда рўйхатга олиниши лозим бўлган 292,3 мингта субъектдан 178 мингтаси қамраб олинган эди. Бу умумий режанинг 60,9 фоизини ташкил этади.

Яна бир рақам эътиборга молик: хатловдан ўтказилган маълумотларнинг 47 мингтаси — 26,4 фоизи хатолик билан киритилган.

Рақамлар ортида қандай муаммо бор?

Ҳокимлик маълумотига кўра, айрим ҳолларда тадбиркорлик субъектининг ўзи суратга олинмаган, унинг ўрнига маҳалла биносининг геолокацияси белгиланган.

Бу шунчаки техник хато эмас. Хатловнинг мақсади — ҳар бир иқтисодий бирлик ҳақида аниқ маълумот тўплаш. Агар базага тадбиркорнинг фаолияти, жойлашуви ёки бошқа маълумотлари нотўғри киритилса, натижада шакллантириладиган манзара ҳам ҳақиқий ҳолатни акс эттирмаслиги мумкин.

Шунинг учун хатловда фақат қанча субъект рўйхатга олингани эмас, улар ҳақидаги маълумотлар қанчалик ишончли экани ҳам муҳим.

Юридик шахслар бўйича натижа янада паст

Йиғилишда юридик шахсларни, жумладан фермер хўжаликларини hisobot.stat.uz тизими орқали рўйхатдан ўтказишда ҳам сусткашликка йўл қўйилгани айтилган.

Режадаги 38,1 мингта юридик шахсдан фақат 5,1 мингтаси рўйхатдан ўтказилган. Бу белгиланган кўрсаткичнинг тахминан 13,4 фоизи демакдир.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларни хатловга жалб этиш даражаси ҳам 30,2 фоизда қолган.

Дўстлик, Шароф Рашидов, Зарбдор, Зафаробод, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳридаги кўрсаткичлар эса вилоятдаги ўртача натижадан ҳам орқада экани қайд этилган.

Муддат тугашига бир кун қолди

Вилоят ҳокимлиги йиғилишида масъулларга хатловдаги хатоларни уч кун ичида бартараф этиш, рўйхатга олиш ишларини эса 25 ноябрга қадар якунлаш вазифаси топширилган.

Шунингдек, Солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда беш кун ичида бухгалтерия марказлари орқали 33 мингта юридик шахснинг маълумотларини тизимга киритиш белгиланган. Туман ва шаҳар ҳокимларига ҳар куни бир соатни хатлов ишларига ажратиш топширилган.

Мамлакат бўйича тадбирнинг умумий муддати 30 ноябргача белгиланган.

Энди асосий савол — 13 ноябрда танқид қилинган камчиликлар бартараф этилдими? 47 мингта хато тузатилдими? Қамров 100 фоизга яқинлашдими? Айниқса, натижаси паст бўлган туман ва шаҳарларда вазият ўзгардими?

Бу саволларга жавоб фақат янги ҳисоботдаги рақамлар билан эмас, балки киритилган маълумотларнинг сифати билан ҳам ўлчаниши керак.

Чунки бизнес хатловининг натижаси қоғоздаги режанинг бажарилиши эмас. У мамлакат иқтисодиёти ҳақидаги маълумотлар базасининг қанчалик аниқ ва ишончли бўлишида намоён бўлади.

 

Мавзу юзасидан фикр, мулоҳаза ёки қўшимча маълумотларингиз бўлса, Sangzor.uz Telegram канали орқали таҳририятга йўллашингиз мумкин.
Фикрлар (0)
Фикр билдиринг
Код тушунарсиз бўлса, янгилаш учун расм устига босинг