Ўзбекистон солиқ тизимида 1 январдан бошлаб 120 дан ортиқ янги қоида амалиётга киритилди

Улашиш:

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 январь куни Давлат бюджети параметрларини ижро этиш ва ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жорий йилги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳим масалалардан бири — янги Солиқ кодексини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, ўтган йили солиқ тизимидаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорларга чуқур тушунтириш бўйича Ишчи гуруҳ тузилган эди. Унинг ҳудудий тузилмалари томонидан бу борада манзилли ишлар олиб борилди.

Жорий йил 1 январдан мамлакат солиқ тизимида 120 дан ортиқ янги қоида амалиётга киритилди. Бу қоидалар тўғри қўлланиши, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши учун ўзгаришлардан барча хабардор бўлиши керак.

Шу боис вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари бошчилигида иқтисодий комплекс идоралари ходимлари ва тадбиркорларни ўқитишни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Кодекснинг мазмун-моҳиятини англаган ҳолдагина унинг сифатли ижросини таъминлашга имкон бўлади. Ундан ташқари, ҳужжатда кўзда тутилган қоидаларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида барча туманларда давра суҳбатлари, семинарлар ва бошқа тарғибот тадбирларини ўтказиш муҳимлиги қайд этилди. Оммавий ахборот воситаларида тарғибот бўйича медиа режа ишлаб чиқиб, биринчи чорак давомида барчага етказиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Янги кодексда солиқ органларига ҳам кўплаб вазифалар юклатилган. Уларни сифатли амалга ошириш учун солиқ ходимлари билим ва савиясини кескин ошириши, тадбиркорларга муносабатини тубдан ўзгартириши зарурлиги таъкидланди.

Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсманга халқаро тажриба асосида, тадбиркорлар билан муҳокама қилган ҳолда солиқ текширувлари ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.