Боболаримиз бежизга “Ўт балосидан, сув балосидан, тухмат балосидан асрагин” деб дуо қилишмаган.
Аввало жаҳонни ларзага келтирган коронавирус пандемияси, Кўҳна Бухоронинг Қоракўл ва Олот туманларидаги кучли шамолнинг оқибатлари, 1 май Сирдарё вилоятининг “Сардоба” сув омборидан сув чиқиш ҳодисаси…
Буларни эшитар эканмиз, жорий 2020 йилнинг юртимиз, балки дунё ҳамжамиятида ҳам жуда оғир келганига гувоҳи бўламиз, юрагимиз ўртанади.
Худо севган бандаларига синов беради, мени эслаб юрсин деб деганларидек, бу синовлар ҳам халқимизни янада бирлашишига, меҳр-садоқати, ва муҳаббатига қўйилган синовлар бўлди.
Сирдарё вилоятида юз берган тошқин оқибатидан ҳаммамиз хабардормиз, ортиқча тушунтиришнинг эса ҳожати йўқ назаримда. Кўплаб аҳолини бошпанасиз қолдирган, уйидан, молидан айирган бу тошқиндан, минг шукркий одамларнинг жони омон қолди.
Сув тошқинидан эвакуация қилинганларнинг бир гуруҳи ҳозирда Жиззах шаҳрида бўлиб туришибди. Улар Жиззах олимпия захиралари мактаб-интернати спорт мажмуаси ва Пахтакор, Гагарин, туманларидаги хонадонларга жойлаштирилди.
Ёш гўдаклар, келажакка умид билан қараб турган юртдошларимизни кўриб, рости кўзларимда ёш қалқиди. Вақти келганда битта фарзандимизга қандай муомала қилишни билмай қоламиз, кўнглини тополмаймиз.
Президентимизнинг бу жараёнларда халқ билан бирга бўлиб, уларнинг кўнглига йўл топишлари, қўрқувдаги сирдарёликларга умид ва ишонч беришлари, бешикдаги боланинг ҳаётига ўз жигарининг ҳаёти каби қайғуришлари бизга инсонийлик бобида яна бир андоза бўлди.
Боламизнинг, яқинларимизнинг жони оғриса дунё кўзимизга қоронғу бўлиб кетади, шу ўринда юртбошимизнинг аҳволларини тушуниш қанчалар аянчли. Воқеа суратларига қарар эканман, рости уларга чиндилдан раҳмим келди.
Аммо қанчалик қайғуга тушмасинлар, инсонларга самимият ва ишонч билан эртанги ёруғ кунларга эришиш, уларга далда беришларини кўриб шундай юртбошимиз борлигининг ўзи бизга мукофот эканини дилдан англадим.
Аллоҳим жонингизни омон қилсин азиз юртбошим! Муштдек юрак, жуссамиздан юз марта кичкина бўлсада уни бир инсоннинг ўзи кўтара олмайди, унинг яшаши учун, биз сизга , сиз уларга, улар- бошқаларга ёрдам бериши керак, ахир ҳаётнинг қонуни ҳам шу эмасми аслида?
Мана шу қоидага асосланган ҳолда ЖДПИ академик лицейи ўқитувчилари “Мерҳ–мурувват ёрдами” акциясини уюштириб, жамоамиз билан биргаликда, озиқ- овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, аёллар ва эркаклар кийими, болалар кийими, аёллар ва эркаклар оёқ кийими, болалар оёқ кийими, кундалик эҳтиёж буюмлари (кўрпа, ёстиқ, идиш–товоқ) ёш болалар учун тагликлар, атирсовун, шампун, тиш пастаси, тиш чўткалари, кирсовун, кир ювиш кукуни, салфеткалар, антисептик восталари, ниқоблар билан жами ўн саккиз миллион сўм миқдордаги моддий ёрдам кўрсатилди.
Бизда бу акция ҳали давом этади. Мана икки кундирки, қўшни вилоятлардаги саховатпеша халқимизнинг, сирдарёлик аҳолига кўрсатаётган ёрдамлари, жиззахлик юртдошларимизнинг, меҳр- мурувватини кўриб ич-ичимдан қувондим.
Демак биз ҳар қандай синовли кунларга бардош бера оладиган, бир-бирига меҳр кўрсата оладиган, буюк миллат эканимизга яна бир марта ишонч ҳосил қилдим.
“Сардоба” сув омборида рўй берган кўнгилсиз ҳодиса юзасидан ўзимизни “нимага, нима учун, нима сабабдан” деган саволлар билан чалғитмасдан бир – биримизга кўмаклашайлик.
Муборак Рамазон ойида эҳсон қилиш ниятингиз бўлса, уйсиз, ош-овқатсиз, қолган сирдарёлик юртдошларимизга ёрдам берайлик.
Илтимос бефарқ бўлманг. Озгина имконингиз бўлса ҳам! Биз бирлашсак катта кучмиз!
Халқ депутатлари Жиззах шаҳар
Кенгаши депутати Феруза Солиева.