Cенаторлар Жиззах вилоятида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг фаолиятини муҳокама қилишди

Улашиш:

2020 йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Жиззах вилоятида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ташкилий-ҳуқуқий таъминоти, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фуқароларга малакали хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратилганлик ҳолатини ўрганиш натижалари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Мажлисда Қўмита аъзолари, халқ депутатлари Жиззах вилоят ва туманлар Кенгашлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишда ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Бобур Умурзаковнинг ахбороти тингланди.

Ҳозирда  Жиззах вилоятида жами 13 та ФҲДЁ органи мавжуд. Уларнинг штат бирлиги умумий ҳисобда 36 тани ташкил этади. Фуқароларга тез ва сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида, мазкур органлар сақланаётган далолатнома ёзувлари туман архивариуслари ва тегишли ходимлар томонидан “ФҲДЁ ягона электрон архив” ахборот тизимига киритилмоқда. Шу билан бир қаторда, ФҲДЁ органларининг барча туман бинолари Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси балансига ўтказиш чоралари кўрилди.

Мажлисда ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар сабаблари таҳлил қилиниб, муаммолар ечими юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Хусусан, ФҲДЁ органларининг моддий-техник базасини хатловдан ўтказиш натижаларига кўра уларни бинолар билан таъминлаш, мавжудларини капитал таъмирлаш, замонавий компьютер жиҳозлари, видеокузатув мосламалари, тезкор Интернет ва алоқа воситалари, оргтехника жиҳозлари ва бошқа инвентарлар билан тўлиқ таъминлаш заруратига урғу берилди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг Қўшма қарори қабул қилинди.

 

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати       

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.