Россия бозорида Ўзбекистон автомобилларига талаб тушиб кетди

Улашиш:

Россия бозорида Chevrolet автомобилларига талаб кутилганидан бир неча баробар кам бўлиб чиқди ва бу ҳолатнинг яқин келажакда ўзгариши қийин. Бу ҳақда “Рамблер” медиа-портали ёзмоқда.

Маълум бўлишича, бир неча йил Ўзбекистоннинг Ravon маркаси остида таклиф қилинган автомобиллар 2020 йилнинг ёзида Россия бозорига Chevrolet маркаси остида Spark, Nexia ва Cobalt моделлари билан қайтган.

Шу ўринда қайд этиш керакки, 2020 йилнинг ёзида Chevrolet’нинг дистрибьютор-компанияси раҳбари Вадим Артамонов Россияга қайтган Spark, Nexia ва Cobalt моделларидан йил охирига қадар 10 минг дона сотишни режа қилганини айтган. 2020 йил кузида эса Артамоновнинг режаси 10 мингдан 3 мингга тушган. Бироқ йил якунида ҳақиқий кўрсаткич бундан ҳам “камтарроқ” кўринишда эканлиги маълум бўлди.

Нашрнинг ёзишича, “Келес Рус” дистрибьютор-компанияси ўз натижалари билан баҳам кўришни истамаган ҳамда Chevrolet сотуви тўғрисидаги маълумотлар Россия бозорининг ойлик статистикасига ҳам киритилмаган. 

Бироқ, бренднинг Россия бозоридаги “муваффақияти” Госавтоинспекциянинг статистикасида кўриниш берган. Унга кўра, 2020 йилда атига 694 дона Ўзбекистондан келтирилган Chevrolet сотилган. Шундан 455 таси Cobalt, 206 таси Nexia ва 33 донаси Spark ҳисобига тўғри келади.

Таққослаш учун: Россия бозорида Nexia, Cobalt, Spark биргаликда олти ой давомида деярли етти юзта сотилган бўлса, Kia Rio’нинг бир ўзи уч кун ичида шунча миқдорда сотилган.

Нашрнинг ёзишича, автомобиллар очиқчасига эскирган. Масалан, Nexia – 2002 йилги Chevrolet Авеонинг бироз янгиланган варианти, Cobalt эса 2011 йилдан бери ўзгаришсиз ишлаб чиқарилмоқда. Бу ташқи кўринишда ҳам, ички дизайнда ҳам, жиҳозларда ҳам сезилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.