Туркияда аёллар Эрдўғоннинг қарорига қарши норозилик намойиши ўтказди

Улашиш:

Истанбулда аёллар мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг 1 июлдан Истанбул конвенциясидан чиқиш қарорига қарши норозилик намойишларини ўтказди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.

Маълумот учун 2011 йилда Европа Кенгаши томонидан қабул қилинган конвенция аёлларга нисбатан ва оиладаги зўравонликка қарши қаратилган. 2011 йилда Туркия конвенцияни биринчи бўлиб имзолади ва унга ўз пойтахтининг номини берди. Ўшандан бери Европа Иттифоқи билан бир қаторда 45 мамлакат ушбу конвенцияни имзолади.

Бироқ март ойида Эрдўғон Туркиянинг конвенцияни ратификация қилишини бекор қиладиган фармон чиқарди. Мамлакат ўз аъзолигини расман 1 июлда қайтариб олади.

«Туркияда одамлар бугунги кунда ҳақиқатан ҳам жуда заиф ҳолга тушиб қолган ҳуқуқлари янада бузилиши ва давлат уларнинг ҳимоясига эътиборини камайтиришидан хавотирда», — дейилади хабарда.

Конвенция уни имзолаган давлатлардан зўравонлик ҳақидаги даъволарни текширишни ва айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилади. Бундан ташқари, ушбу давлатлар қонунлар ва таълим орқали гендер тенглигини таъминлашга келишиб олган.

Танқидчилар конвенциядан чиқиш Туркияда аёлларга нисбатан қотилликларнинг кўпайишига олиб келади, деган қўрқувда. Kadin Cinayetlerini Durduracagiz Platformu («Биз аёлларга қарши жиноятларни тўхтатамиз» платформаси) аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи томонидан чоп этилган тадқиқотга кўра, май ойининг ўзида 17 та фемицид (аёлларга нисбатан нафрат туфайли уларга қарши қилинган жиноят) тасдиқланган ва яна 20 та гумон қилинган ҳолатлар мавжуд. Туркия ҳукумати аёлларнинг ўлдирилиши бўйича расмий маълумотларни қайд этиб бормайди.

Аввалроқ Туркия парламенти конвенцияни ратификация қилиш пайтида аёлларга нисбатан зўравонликни йўқ қилиш чораларини кўришга келишиб олган эди. Ушбу қадамни «Аёллар ва демократия» уюшмаси ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлаган. Эрдўғоннинг қизи уюшма раисининг ўринбосари бўлиб ишлайди.

Эндиликда Эрдўғоннинг Адолат ва тараққиёт партиясидаги консерваторлар бу конвенция аслида Туркиянинг анъанавий оилавий тузилмаларига путур етказиш орқали зўравонликни рағбатлантиради деб таъкидламоқда. Шунингдек, март ойида Эрдўғон ўз қарорини оқлаб, конвенцияни «гомосексуализмни нормаллаштиришда» айблади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.